Бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Оқўрда матбуот хизмати хабар беришича, учрашувда икки давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий, сув-энергетика, транспорт-логистика ва маданий-ижтимоий соҳаларда ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳамда 23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган ШҲТ саммити юзасидан суҳбатлашишган.

Учрашувда Қозоғистон раҳбари икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларга урғу қаратган ҳамда қозоқ ва ўзбек халқи дўстлигидан фахрланиши ҳақида айтиб ўтган.

Ўз навбатида, Ислом Каримов икки давлат муносабатлари самимий дўстлик, ўзаро ишонч, манфаатларни ҳурмат қилиш, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида ривожланаётганини таъкидлади.

"Ҳозир биз осон бўлмаган бир даврда яшаяпмиз ва шу боис, айнан шу жиҳатлар энг муҳими ҳисобланади. Ҳозирги ҳолат юзасидан ҳамжиҳатликда тўғри ечимларни топиш мақсадида фикр алмашиш учун Нурсултон Назарбоевнинг ташрифи зарур эди. Жаҳон иқтисодиётида инқироз давом этмоқда, бирор давлат муаммолардан холи эмас. Биз тўғри йўлдан боришни ва доимий тарзда "соатларни солиштириб туришни" хоҳлаймиз", — деб таъкидлаган Ислом Каримов.