Nissan компанияси Leaf электрокарини ҳайдовчи фикрларини сезишга ўргатди. Автомобилнинг махсус модели ушбу русумли машиналарнинг 5 ёшга тўлиши муносабати билан ишлаб чиқилди. Ҳайдовчининг фикрларини топаётган автомобиль видеолавҳаси япон ишлаб чиқарувчисининг YouTube порталидаги расмий саҳифасига жойланган.

Leaf’га ўрнатилган махсус тиббий қурилма, инсон мияси фаолиятининг тўлқинларини, хусусан, инсон диққати бир жойга тўпланган ва ёки бўшашган вақтидаги альфа-тўлқинлар ҳамда бирор нарсани ўйлаётган ёхуд бирон муаммо устида бош қотираётган вақтида тарқатадиган бета-тўлқинларни илғайди.

Шундан сўнг, 30 кишидан автомобилда махсус трассада айланиб келишни илтимос қилишган. Қурилманинг сезгир қисми ҳайдовчи бошига тақилган, машина бортидаги қурилма унинг фикрларини проектор ёрдамида йўлда акс эттирган.

Nissan Leaf 109 от кучига эга электр мотор ва 30 киловатт соат ҳажмли батареялар тўплами билан жиҳозланган. У бир марта қувватлангач, 250 километрни босиб ўта олади. Ишлаб чиқарувчининг фикрича, Leaf дунёдаги энг оммабоп электромобиль ҳисобланади.