«Шахтёр» жамоасининг хорватиялик ҳимоячиси Дарио Срна мухлислар орасида ўтказилган сўровнома якунларига кўра, Европа Лигаси ҳафталигининг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда УЕФА расмий сайти хабар тарқатган.

Донецкликлар жамоаси сардори чорак финалнинг жавоб учрашувида Португалиянинг «Брага» жамоасига қарши учрашувдаги (4:0) голлардан бирига муаллифлик қилди.

Қолаверса бу 33 ёшли футболчининг жамоа сафида ўтказилган 486-учрашуви бўлди ва у бу борада жамоа рекордчисига айланди.

Европа Лигаси ҳафтасининг энг яхши футболчиси бўлиш учун 4 номзод танлаб олинганди. Якунда Срна 45 фоиз овоз билан ғалаба қилди. «Ливерпуль» яримҳимоячиси Филиппе Коутиньо 30 фоиз, «Вильярреал» ҳужумчиси Седрик Бакамбу 20 фоиз, «Севилья»ни кейинги босқичга олиб чиққан гол муаллифи (пенальтилар сериясидаги аниқ зарба) Кевин Гамейро 5 фоиз овоз олган.