«Бавария» жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола ЕЧЛ яримфинали учун ташланган қуръадан кейинги фикрларини билдириб ўтди. Мюнхенликлар жамоаси яримфиналда Мадриднинг «Атлетико» жамоасига қарши ўйнайди.

«Мен Испания футболини кузатишда давом этмоқдаман ва «Атлетико» жамоасининг нималарга қодирлигини биламан. Симеоне бу жамоада ишлаётганига 5 йил бўлди ва у дунёнинг энг кучли мураббийларидан бирига айланди. У ўз характерини жамоасига сингдирган.

«Барселона» — Европада кейинги 10 йилликнинг энг кучли жамоаси бўлди. «Атлетико» эса бу жамоани чорак финалдаги 2 учрашув натижасига кўра, турнирдан чиқариб юборди. Бу шуни кўрсатадики, бизга жуда қийин рақиб рўбару бўлди. Улар ўзларининг энг яхши формаларида бўлмаганларида ҳам ҳамиша ғалабага катта умид ва ишонч билан ўйнашади», – дейди Гвардиола.

«Атлетико» ва «Бавария» ўртасидаги илк учрашув Мадридда, 27 апрель куни ўтказилади. Мюнхендаги жавоб ўйини 3 майга белгиланган.