Ўзбекистонлик футболчи Одил Аҳмедов тўп сурадиган "Краснодар" клуби бош мураббийи Олег Кононов Россия чемпионатининг 24-турида Грознийда маҳаллий "Терек"ка қарши учрашувдан кейин "Наш футбол" телеканалига интервьюсини грознийлик мухлислар ахлоқсизлиги туфайли тугата олмади. Учрашув краснодарликларнинг 0:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Кононов мухбирнинг фақатгина 1-саволига жавоб бера олди.

"1-бўлимда биз яхшироқ ўйнадик: ҳужумлар ҳам, имкониятлар ҳам бўлди. 2-бўлимда бизга қийинроқ бўлди, "Терек" кучли ҳаракат қилди. Бироқ биз уддалай олдик ва тўп ўтказиб юбормадик. Бироқ ҳужумни уддалай олмадик, сизнинг фикрингизга тўлиқ қўшиламан", деб айтди Кононов.

Кононов мухбирнинг 2-саволини мухлисларнинг ҳайқириқлари сабабли яхши эшита олмади. Кейинроқ мухбирнинг маълум қилишича, трибуналардан улар томонга турли буюмлар улоқтира бошлангандан кейин Кононов бундан норози бўлиб, стадионнинг микст-ҳудудини тарк этган.

Учрашувдаги ягона тўпни Фёдор Смолов киритди. У бу голи эвазига чемпионатнинг энг яхши тўпурари Квинси Промесга ("Спартак", 13 та гол) етиб олди. Одил Аҳмедов ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб охиригача майдонда ҳаракат қилди ва 90-дақиқада огоҳлантириш олди.