АҚШлик астрофизиклар ер атрофидаги орбитада потенциал хавфли объектларни, аниқроғи астероидларни йўқ қилиш дастурини таклиф қилмоқдалар. Уларнинг тадқиқотларига кўра, астероидни лазер нурланиши билан йўқ қилиш ёки унинг парвози йўналишини Ер орбитаси билан кесишишдан оғдириш мумкин.

Хавфли объект аниқлангандан кейин унга лазер абляцияси (суриш) ёрдамида таъсир қилиш таклиф қилинмоқда. Нурланиш астероидга лазерлар массиви билан олиб борилади, уни эса стандарт ракета-ташувчида етказиш мумкин.

Таъкидланишича, лазерлар астероид сиртидаги зарраларни қиздириш йўли билан буғлантиради. Бу таъсир фазо жисмининг вазни ва бошқа физик кўрсаткичларини ҳамда камида унинг йўналишини ўзгартиришга имкон беради.

Олимлар лазерларни хавфли жисмга суюқ ёнилғида ишловчи ракета ва ион двигателда ишловчи космик қурилмада етказишни таклиф қилишмоқда.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, диаметри 325 метрга яқин бўлган Апофис астероиди ўлчамидаги астероидни бартараф этиш учун 15 йил талаб этилади. Олимларнинг таъкидлашича, НАСА ва Европа коинот агентлиги бу лойиҳани бошлаш учун барча техник имкониятларга эга.

Олимларнинг фикрича, Atlas V 551, Ariane V ва Delta IV Heavy ракеталари ҳамда айни вақтда қурилаётган Falcon Heavy ва SLS (Space Launch System) ракеталари имкониятлари бу лойиҳани ҳозирдаёқ бошлаш имконини беради.

НАСАда ер атрофи орбитасига етиб келиши мумкин бўлган астероидлар билан боғлиқ хавфлар ҳақида ҳам бош қотиришмоқда. Агентлик муҳандислари астероидни космик кемага айлантирувчи лойиҳа устида иш олиб боришмоқда.

Баъзи олимларнинг фикрича, коинотда бундай технологиялардан бошқа цивилизациялар вакиллари фойдаланиб келади. Яқинда Нью-Йоркдаги Колумбия университети олимлари ўзга сайёраликлар ўзларининг яшаш жойларини лазерлар ёрдамида ниқоблашларини таъкидлагандилар.