Британиялик боксчи Тайсон Фьюри украиналик боксчи Владимир Кличко унга биринчи жангда атайлаб ютқазиб берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Кличко 2015 йилнинг 28 ноябрида Дюссельдорфдаги жангда Фьюридан мағлубиятга учраб, ўзининг IBF, IBO, WBO ва WBA версиялари бўйича жаҳон чемпиони унвонларини ҳимоя қила олмади. Британиялик боксчи 12 раунд натижасига кўра ҳакамлар қарори билан ғолиб деб топилди. Апрель ойида боксчилар ўртасидаги реванш жанги 2016 йил 9 июлда Манчестерда бўлиб ўтиши маълум бўлди.

"Фикримча, Кличко Германияда менга атайлаб ютқазиб берган бўлиши мумкин. У шартнома бўйича реванш жангга ҳуқуқи борлигини билган. Агар мен фалоиятимни тугатсам ёки 2-жангни ўтказмасам, у барча унвонларни қайтариб олиши мумкин эди. Агар у реванш жангда мени ютса, унвонларни қайтиб олиб, 3 карра жаҳон чемпиони бўлиши мумкин. Бундай натижа билан фақатгина Муҳаммад Али каби боксчиларгина мақтана олиши мумкин. Телевизиончилар ҳам бундан хурсанд", деб айтди Фьюри.

"Агар у менга ютишга ижозат берган бўлса, ёки мен ўзим ютган бўлсам, бу муҳим эмас, мен қуёш остида ўз ўрнимга эга бўлдим. Энди мен фарзандларим учун яхши келажакни таъминлаш учун миллионлар ишлаб топишим керак", деб айтди боксчи.

Айни вақтда Кличко ҳисобида 64 та ғалаба ва 4 та мағлубият, Фьюрида эса 25 та жангдан 25 та ғалаба бор.