Шоир Насриддин Ботиров 1965 йил, 5 майда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида таваллуд топган. Она Ватан, юрт ва севги шеърларидан бўлган қўшиқларни халқимизнинг севимли ҳофизлари куйлаб келади.

“Она юртимизнинг фидоий маънавиятчиси Насриддин Ботировнинг шеърларини ўқиб кўнглим бир ёришди. Тўғри, шеърият бу чексиз, чегарасиз уммон. Ундан ҳар бир ижодкор хоҳлаганича чанқоғини қондиради. Шеърлари ёқимли, юраги ҳам қордек покиза, умидли шоир укамизнинг шеърларини ўқиб ҳаяжонландим”, деган эди Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов.

Насриддин Ботиров бугунги кунда Маънавият ва маърифат кенгаши масъул ходими вазифасида фаолият юритмоқда.

Саккизлик

Дунё саволларга кўмилиб қолган,
Жавоблар ололмай юрагим толган.
Худо ҳаётимга фақат куй солган,
Саволларим кўпдир, жавобларим кам.

Саволлар йўлланар биз сари мубҳам,
Шеър ёздим, изтироб, қувонч ва алам”.
Муҳаббат ўтида юрак куйса ҳам,
Саволларим кўпдир, жавобларим кам.

Элим

Бу эл қорни ёқар топиб қаловини,
Ўчоғидан ҳеч ўчирмас оловини,
Баланд тутар туғи баланд яловини,
Олисларга қараб борар карвони бор,
Шерюракли билинг доно сарбони бор!

Бир болани етти кўча болам дейди,
Қизларини эркалаб, жон — онам дейди,
Боғларию тоғларини далам дейди,
Олисларга қараб борар карвони бор,
Шерюракли билинг доно сарбони бор!

Ноз-неъматга тўла доим дастурхони,
Билинг, катта давлатидир болажони,
Бойликка қон, қиру, ҳам ёбони,
Олисларга қараб борар карвони бор,
Шерюракли билинг доно сарбони бор!

Ноз-неъматга тўла доим дастурхони,
Билинг, катта давлатидир болажони,
Бойликка кон, қиру, дашту ҳам ёбони,
Олисларга қараб борар карвони бор,
Шерюракли билинг доно сарбони бор!

Ўти бордир, билинг, халқнинг юрагида,
Тинчлик доим орзусида, тилагида,
Полвонлик бор ўғлонлари билагида,
Олисларга қараб борар карвони бор,
Шерюракли билинг доно сарбони бор!

Тилак

Ҳеч кимдан омадни аяма фалак,
Жонин ҳам асрагил, этмагил ҳалак!
Омадни қўш-қўш бер, бер бахтини ҳам,
Номардга зор этма, кўрмасин ҳеч ғам!

Ҳаётин ҳеч қачон қилмагил чил-чил,
Абадийдир дунё инсон билан бил!
Бер ишига унум, ҳамёнига пул,
Билагига куч бер, Эй Қодири Дил!

Меҳрга зор қилма, душманига хор,
Қаддини букмасин, ҳар қандай дилдор!
Бер унга муҳаббат, бўл севимли ёр,
Токим, йиғламасин, юраги ночор!

Онамнинг орзуси

“Шоир болам” дерди, “жон болам дерди”,
Қарарди сўзимга эътибор билан.
Шу бугун “онам” деб шеър ёзгим келди,
Бир лаҳза кўзимдан кетмади онам.

Айбга буюрмайсиз. Юрак — гулхандай,
Ёнмоқда — чирсиллаб тобора танам.
Билмам, нега шунча касблар турганда,
Шоир бўлишимни истарди онам.

Бир сўз айтолмадим ҳали халқимга,
Жуда кўп онамнинг олдида қарзим!
Ёзилмаган кўнгил, шоир қалб билан —
Мен она халқимга қиламан таъзим!