АҚШнинг Беверли-Ҳиллз шаҳри раҳбарияти автоном бошқарув тизимига эга машиналардан иборат машиналар паркини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бундай автомобиллар жамоат транспорти сифатида фойдаланилиши йўлга қўйилади.

«Беверли-Ҳиллз – автоном технологияларни реалликка айлантириш учун энг қулай жой ҳисобланади. Умумий фойдаланишдаги йўлларда ҳам ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган автомобилларни хавфсиз қўллаш мумкин. Биз ўтмиш технологияларидан фойдаланиб на бугунги, на эртанги муаммоларни ҳал эта оламиз. Автоном автоуловлар кўчалардан шахсий машиналарни сиқиб чиқариб, автотураргоҳларга бўлган талабни камайтиради ва барча учун хавфсизлик ва ҳаракатчанликни таъминлай олади», – дея маълум қилди шаҳар ҳокими Жон Мириш.

Шаҳарда аллақачон коммуникация ва бир автоном уловдан бошқасига маълумотларни етказиш учун фойдаланиладиган тармоқни ишлаб чиқиш бўйича ишлар бошланган. Беверли-Ҳиллздагилар шу каби транспорт воситаларини яратиш устида ишлаётган компаниялар ўз маҳсулотларини шу шаҳарда синовдан ўтказишларини исташмоқда. Мисол сифатида Google ва Tesla номлари келтирилган.

Айни пайтда Google компанияси рул чамбараги ва педаллари бўлмаган машинани яратаётган бўлса, Tesla таклиф этаётган моделлар белгиланган йўлда бошқа автомобиллар билан оралиқ масофани сақлаган ҳолда ҳаракатланиши ва ҳайдовчининг аралашувисиз қайта сафланишни амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, Kia, Mercedes-Benz, Renault, Nissan ва Ford каби бошқа кўплаб автоишлаб чиқарувчилар ҳам автопилотга эга машина ишлаб чиқаришга киришган. Ҳозирда бу каби автоуловлар умумий фойдаланишдаги йўлларда ҳаракатланмоқда. Масалан, Google ҳайдовчисиз машиналари АҚШнинг умумий фойдаланишдаги йўллари бўйлаб деярли 2 млн км масофани босиб ўтди.