«Ливерпуль» жамоаси бош мураббийи Юрген Клопп «Эвертон»га қарши дерби учрашувидан олдин фикрларини билдириб ўтди.

«Мен қаршимизда шундай катта ўйин турганидан хурсандман. Бизнинг оддий бўлмаган тақвимиздаги бу ўйин олдидан одатдаги кўрсатмаларни айтишга ҳожат йўқ. Футболчиларнинг иштиёқи улкан. Уларнинг фикру хаёли шу дерби билан банд. Масалан, «Борнмут»га қарши ўйин олдидан мен кийим алмаштириш хонасида улар билан гаплашдим, лекин улар менинг биронта сўзимни эшитишмагани аниқ!

Улар ҳалитдан «Эвертон»га қарши ўйин ҳақида ўйлашмоқда ва жуда ҳам зўр. Бу кишини тўлқинлантиради. Шундан ҳам тасаввур қилиш мумкинки, олдинда йилнинг энг муҳим ўйини турибди. Дербида ўйнаш ҳамиша қийин кечади, чунки босимни қабул қилишга тўғри келади. Лекин босим ҳар икки жамоага ҳам бирдек тушади.

Мен алоҳида ўйинларни ёқтираман. Ҳа, мен 15 йилдан буён мураббийман, ҳар бир муҳимлигини биламан, лекин алоҳида ўйинлар ҳам бўлади. Бу уч кун олдинги ўйиндан катта фарқ қилади.

Ўйинга қандай тайёрландимми? Мен ҳамиша ўйинларни уйдаги телевизоримда томоша қиламан. Лекин жамоа йиғинларида бир муаммо бўлади: Ҳамиша уёққа-буёққа ғимирлаб юришинг керак бўлади. Бундай вақтларда мен ўйлаб қоламан: «Эй, худо, мен бу ерда нима қилиб юрибман?»

Мен «Боруссия»га илк келган вақтимда, мавсумнинг тўртинчи туридаёқ «Шальке» билан Рур дербисида ўйнадик. Аввалги 3 ўйиндаги натижага ҳеч ким эътибор қаратмади. Лекин менинг биринчи дерби ўйиним унча... Хуллас, биз ўшанда 0:3 ҳисобида ютқаздик ва ҳисоб бундан ҳам йирикроқ бўлиши мумкин эди. Мен ўшанда ростдан ҳам ўйлагандим: «Умид қиламанки, рафиқам нарсаларим қаердалигини билади, энди барчасини чемоданларга жойлаб, жўнашга тўғри келади». Аммо биз кейин вазиятни ўнглай олдик.

Ҳа, ҳозир мерсисайд дербисида ўйнайдиган маҳаллий футболчилар кўп эмас. Шу шаҳар футболчилари бундай дербилар ўз ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутишини жуда яхши англашади. Лекин менинг йигитларим ҳам дербида ўзларидан нима талаб қилинишини яхши билишади», – дейди Клопп.

«Ливерпуль» 32 ўйиндан 51 очко тўплаб, турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди. «Эвертон» жамоаси эса 33 ўйиндан 41 очко жамғарган ҳолда 9-ўринни банд этган. Бу жамоаларнинг учрашуви 20 апрель куни, Тошкент вақти билан соат 22:00да бошланади.