Украина раҳбари Петр Порошенкодан, давлат идораларида президент суратини осиб қўйишни қонун воситасида таъқиқлашни илтимос қилишмоқда. Шу мазмундаги сўровнома украин етакчиси расмий сайтига жойлаштирилган.

Сўровномага қолдирилган изоҳда ёзилишича, "Украина президенти расмини идоралар, аудиториялар, синфхоналар ва бошқа давлат иншоотларида осиб қўймаслик мақсадга мувофиқдир. Чунки, украинлар, икки йилдан ортиқроқ вақтдан бери "турмуш даражаси бугуноқ яхшилангани"га гувоҳ бўлишди, «президентнинг қадрли дўстлари»ни кўришди ва «янгича яшаш» қандай бўлишини бошидан кечириб келмоқда".

"Президент эса, аслида, баландпарвоз шиорлар билан эмас, амалий ҳаракатлари билан Украина халқининг муҳаббати ва ҳурматига сазовор инсон бўлиши лозим. Балки, хизмат идораларига диний суратлар қўйилса, камроқ халқ мулкини ўғирлашармиди?", — дейилади сўровномада.

Айни вақтда, петицияга 7 киши имзо чеккан, уни 25 минг киши маъқулласа, президент муҳокамасига киритилади.

Таъкидлаш лозимки, Украина давлат раҳбари сайтида шунга ўхшаш сўровлар кўплаб жойлаштирилади. Хусусан, Порошенкодан русча исм-шарифларни украиначалаштириш ҳам илтимос қилинган эди.