Mercedes-Benz компанияси қошидаги AMG тюнинг ательеси ўрта ҳажмли мотор ўрнатиладиган гибрид суперкари ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқмоқда. У Mercedes-AMGнинг иккинчи суперкари бўлиши кутилмоқда. Ҳозирча мазкур завод томонидан AMG GT спорткари ишлаб чиқилган, деб ёзмоқда Autocar нашри.

Модель конструкциясида карбон ва алюминийдан фойдаланиш, унга ишчи ҳажми унча катта бўлмаган V6 моторини ўрнатиш режалаштирилган. Mercedes-AMG, шу йўл билан ўз машиналарини имкон қадар Формула-1 пойгаларида иштирок этган автомобилларига ўхшатиш ниятида. Немис автомобилсозлари жамоаси Льюис Хэмилтон бошқарувида икки марта жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган эди.

Аммо Mercedes-AMG Porsche 918 Spyder, McLaren P1 ёки Ferrari LaFerrari машиналарига рақобатчи яратиш истагида ҳам эмас. Янги суперкар, McLaren 650S ва Ferrari 488 билан рақобатлаша оладиган BMW i8га ўхшаш юқори технологияли, лекин улкан қувватли автомобиль бўлиши кутилаяпти.

Mercedes-AMG суперкари икки хил кўринишда: томи қаттиқ қопламали ва орқага очилувчи намунада ишлаб чиқилади.

Аввалроқ Mercedes-AMG шу йилнинг охиригача 10та янги модель ишлаб чиқиши кутилаётгани хабар қилинган эди. Уларнинг аксарияти, Mercedes-Benz автомобилларининг кучайтирилган намунаси бўлади. Масалан, Mercedes-AMG GLC 63 кроссоверидан ташқари, GT суперкарининг янги модификацияси ва томи очиқ намунаси ҳам тайёрланмоқда.