2016 йилда етакчи немис автоконцернларидан бири, BMW (нем. Bayerische Motoren Werke-Бавария мотор заводи) ўзининг юз йиллигини нишонламоқда.

Айтиш жоизки, бу энг биринчи автомобиль заводи эмас, Mercedes-Benz, Opel, Ford, Renault ва Fiat компаниялари ундан аввал пайдо бўлган, аммо BMW ўз синфининг йўналишини белгилаб берувчи автомобилларни кўплаб ишлаб чиқара олган, десак хато бўлмайди.

Қанчалик ажабланарли бўлмасин, автомобилсозлик BMWнинг асосий даромад манбаи ва бош мақсади ҳам бўлмаган. 1916 йили компания авиация двигателлари ишлаб чиқара бошлаган, 1923 йилга келиб мотоциклларни ўзлаштирган компания, аста-секинлик билан, 1928-йилдан автомобиль саноатига кириб келган.

«"Рулда ҳузур-ҳаловат билан!" — бу шунчаки шиор эмас, балки BMW фалсафасидир. Ва биз унга риоя этишда давом этамиз», — деб ҳикоя қилади Людвиг Виллиш, BMW North America компанияси президенти.

 

BMWнинг замонавий машиналари, ҳар қачонгидан ҳам кўп сотилмоқда. Бироқ, компания мероси классик, яъни ўз даврида энг эътиборли моделлари билан ўлчанади. Ажойиб транспорт воситаларини ишлаб чиқиш тарихи ҳурматга лойиқ, албатта.

BMW 507 (1956-1959 йиллар ишлаб чиқилган) моделининг машҳур харидорларидан бири америкалик мусиқачи Элвис Пресли эди.

Айтиш жоизки, 507 моделидан атиги 250 дона ишлаб чиқилгани маълум бўлгач, яхши сақланган бир дона машина 2 миллион долларгача баҳоланди. Бу эса, BMW 507га коллекционерлар қизиқишини янада оширди.

1966-77 йиллар оралиғида ишлаб чиқилган BMW 2002 эса замонасининг энг арзон классикаларидан бири бўлди. Машина мухлисларининг айтишларича, унинг диққатга сазовор жиҳати ажойиб ишчанлигидадир.

3.0 CSL чиройли дизайни ва пойгабоплиги билан харидорлар эътиборини қозонган. У шунингдек, компаниянинг машҳур BMW Art Car сериясини бошлаб берган машина ҳисобланади. 1975 йили америкалик машҳур ҳайкалтарош Александр Колдер ушбу русумдаги машиналардан бирини безаган эди.

1978 йилда пайдо бўлган M1, ҳамон энг чиройли спорткарлардан бири бўлиб қолмоқда. Унинг дизайни афсонавий итальян дизайнери Жоржетто Жужаро томонидан чизилган, унинг ўзига хос шакли бирмунча ўзгарган ҳолда янги BMW i8да ҳам ўз аксини топган.

Z8 модели Жеймс Бонд саргузаштларидан ҳикоя қилувчи фильмлардан бирида Пирс Броснанга ҳамроҳлик қилган. У ҳам коллекционерларнинг эътиборини қозонган машиналардан биридир.

BMW концернининг 2011 йили оммага намойиш этган ажойиб 328 Hommage концепти 1930 йилларда ишлаб чиқилган BMW 328 моделининг замонавий кўриниши бўлди, десак хато қилмаган бўламиз. Унинг дизайни винтаж ва айни вақтда футуристик кўринишга эга.

BMW 3 нинг узвий давоми бўлган BMW 4 модели эса, айни вақтда BMWга муваффақият келтирган намуналардан биридир. У 2014 йили ишлаб чиқилган ва эндиликда «учлик» ва «бешлик» орасини тўлдирмоқда.

Ўша йили намойиш этилган BMW M2 модели ўта самарали экани билан бошқа транспорт воситаларидан ажралиб туради. Унинг спорт мотоцикллари анъаналари негизида ишлаб чиқилгани харидорларнинг олқишларига сабаб бўлди. BMW мухлислари М2нинг ажойиб узатмалар қутиси ва бирмунча арзонлигини эътироф этишди.

3.0 CSL Hommage R ўз вақтида "бэтмобиль" номи билан анча машҳур бўлган BMW 3.0 CSL (1975 йилда "12 соат себринг" номли чидамлилик мусобақаси ғолиби)дан илҳомланган моделдир.

X6M эса BMWнинг спорт рейтингида биринчи ўринда туриши баробарида компанияга яхшигина даромад ҳам келтирмоқда. BMW шу синфдаги автомобиллар линиясини 1999 йили X5 билан бошлаган эди.

i8 гибриди 2014 йил намойиш этилганига қарамай, кўп ўтмай, концептдан ўз харидорларига эга маҳсулотга айланди ва BMWнинг энг оммабоп автомобилларидан бири бўлиб қолмоқда.

7 серия автомобиллари — таъбир жоиз бўлса, BMWнинг энг ҳашаматли модели —энг кучли 12 цилиндрли двигателлар билан жиҳозланган.

BMW еттинчи сериясининг янги модели ўз синфидаги энг инновацион машиналардан бири ҳамдир.