Германиянинг «Бавария» клуби спорт директори Маттиас Заммер мия қон айланиш тизимидаги муаммолари сабаб сўнгги учрашувларда иштирок эта олмаган. Бу ҳақда мюнхенликлар расмий сайти хабар тарқатди.

Жамоа шифокори Роланд Шмидтнинг таъкидлашича, мазкур саломатликдаги бузилиш тўлиқ ўз ҳолатига келтирилган ва 48 ёшли менежер учун зарарсиз ўтган.

«Шифокорлар соппа-соғ эканимни ва одатий ҳаётга қайтишим мумкинлигини таъкидлашди. Жамоа учун бор кучимни бериб ишлашим учун менга бироз вақт керак бўлади», – дея таъкидлаб ўтган Заммер.

«Ҳозир унинг дам олиши муҳим. Маттиас ўз ишини ҳеч қандай чекловларсиз бажаришга қайтиши учун қанча вақт керак бўлса, шунча кутишга тайёр эканимизни яхши билади», – дея гапирган «Бавария» директорлар кенгаши раиси Карл-Хайнц Румменигге.