Германиянинг «Боруссия» клуби яримҳимоячиси Генрих Мхитарян Лондоннинг «Челси» жамоаси қизиқишлари доирасига тушиб қолди.

Bild нашри берган хабарга кўра, лондонликлар клуби 27 ёшли Арманистон терма жамоаси футболчисини мавсум якунига етгач сотиб олишни истамоқда. «Челси» футболчи учун 60 млн евро беришга тайёрлигини билдирган.

Мхитаряннинг ўзи ҳозирча бир қарорга келганича йўқ. Футболчининг агенти Мино Райола немис клуби билан амалдаги шартнома муддатини уч йилга узайтириш бўйича музокара олиб бормоқда. Томонлар шартномада кўрсатилган товон пули бўйича келиша олишмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, футболчига шунингдек «Арсенал» ва «Ювентус» клублари қизиқиш билдиришган.