Лондоннинг «Челси» клуби яримҳимоячиси Эден Азар «Борнмут» устидан қозонилган ғалаба (4:1) борасида ўз фикрларини билдира туриб, «Тоттенҳэм» клубининг чемпионлик учун курашдаги имкониятлари ҳақида гапириб ўтди.

«Ўтган ойда жуда қаттиқ меҳнат қилдим. Гол муаллифлари рўйхатида яна исмим пайдо бўлганидан хурсандман. Бу клуб учун ҳам, мен учун ҳам яхши ҳолат.

Биз – «Челси» мухлислари ва футболчилари – «Тоттенҳэм» чемпион бўлишини истамаймиз. «Лестер» чемпион бўлишига умид қиламиз. Улар чемпионликка муносиб. Аммо футболда ҳеч қачон бирор натижани тахмин қилиб билиб бўлмайди. Кўрамиз.

Кейинги ҳафтада «Челси»ни «Тоттенҳэм»га қарши муҳим учрашув кутиб турибди. Агар рақибни мағлубиятга учратсак, бу жуда яхши иш бўларди», – дея клуб расмий сайтига интервью берган бельгиялик футболчи.