Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 1915 йилда Усмонлилар империяси ҳудудида ҳалок бўлган арманларнинг ўлими учун унинг қариндошларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Аnadolu агентлиги хабар тарқатган.

Эрдўғаннинг шу бўйича номаси Истанбулда Арманлар апостол черковининг Константинополь патриархи ўринбосари архиепископ Арам Атешян томонидан ўқиб эшиттирилган.

Президент мактубида айтилишича, Туркия Усмонлилар империясидаги арманлар қайғусини бўлишиб, уларнинг хотирасини қадрлайдиган мамлакатдир.

Арман тилидаги бу номада таъкидланишича, бу воқеага сиёсийлашган нафратона сўзлар билан ёндашиш, тарихан умумий анъаналарга эга бўлган арман ва турк халқини бўлишга уриниш ҳисобланади.

Бундан олдинроқ, Арманистон президенти Серж Саргсян ва мамлакатнинг биринчи хоними Рита Саргсян Цицернакаберддаги арман геноциди қурбонлари хотираси учун ўрнатилган мемориалга ташриф буюриб, гул қўйишганди. Шунингдек, марҳумларни хотирлаш маросимида келиб чиқиши арман бўлган Ҳолливуд актёри Жорж Клуни ҳамда франциялик арман Шарль Азнаур ҳам иштирок этган. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ марказида ҳам хотирлаш тадбири ўтказилган.

24 апрель куни бутун дунёда хотирлаш маросимлари ўтказилади, Туркия томони 1915 йилнинг 24 апрелида Усмонлилар империяси ҳудудида 2 миллионга яқин арманнинг қирғин қилинганини геноцид сифатида аташни инкор этади.

Эрдўған 2014 йилнинг 23 апрелида мамлакат парламентида нутқ сўзлаб, ХХ аср бошларида арман миллатига қарши амалга оширилган оммавий қирғин натижасида ҳалок бўлганларнинг авлодларига илк бор ҳамдардлик билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, Туркия ва Арманистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар тўхтатилган, давлатлар ўртасидаги чегара эса 1993 йилда ёпиб қўйилган эди. Бундай холатга аввало Туркиянинг Қорабоғ муаммоси бўйича Озарбайжон позициясини қўллаб-қувватлаганлиги ҳамда 1915 йилда Усмонлилар Империяси томонидан арманларга қарши уюштирилган геноциднинг халқаро миқёсда тан олинишига Анқаранинг билдирган муносабати сабаб бўлган эди.