Туриннинг «Ювентус» жамоаси Италия А серияси якунланишига 3 тур борлигида муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштирди.

Бу 35-турнинг бугун ўтказилган ўйинида туринликларнинг энг яқин таъқибчиси «Наполи»нинг мағлубиятга учраши ва қолган турларда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар пешқадамга ета олмаслиги аниқ бўлгани туфайли рўй берди.

Римдаги «Олимпико» стадионида кечган учрашув «Рома»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Жамоа А Серияда қаторасига 14 учрашувда мағлубиятга учрамай келмоқда. Ўйиндаги ягона гол ўйин якунланиши арафасида Раджа Наингголан томонидан урилган.

Эндиликда, А серия турнир жадвалида «Наполи» 73 очко билан иккинчи ўринда қолмоқда. Шу турнинг 24 апрель куни кечган учрашувида туринликлар «Фиорентина»ни мағлубиятга учратиб, 85 очко билан 12 очкога илгарилаб кетганди. Учинчи ўринда жойлашган «Рома» 71 очко билан неаполликларни таъқиб қилмоқда.

«Ювентус» Италиянинг 32 карра чемпионига айланди. Шунингдек, туринликлар қаторасига бешинчи марта А серияда тенгсиз бўлишмоқда.

Қайд этиш керакки, жамоа бундан олдин ҳам шундай муваффақиятни қайд этган, 1931 йилдан 1935 йилгача «Ювентус» узлуксиз чемпион бўлганди.

«Ювентус» бугун муддатидан олдин чемпионликни нишонлаши мумкин