eBay аукционида BMW моторига эга ноёб моторхоум сотувга қўйилди

Технология 26 Апрель 2016 788

eBay онлайн-аукционида BMW дизель мотори билан жиҳозланган, 1986 йил ишлаб чиқарилган ноёб моторхоум (ғилдираклардаги уй) – Vixen 21 TD сотилиши ҳақидаги эълон чоп этилди. Айни вақтда унга 17 минг доллардан кўпроқ таклиф қилинган.

1986 йилдан 1989 йилгача ҳаммаси бўлиб 587 та Vixen моторхоуми ишлаб чиқарилган. Автомобиль GMC Motorhome’га рақобатчи сифатида яратилган. Аукционда сотилаётган машина 21 TD модель индексига эга бўлиб, ундаги 21 сони машинанинг футлардаги узунлиги (6,4 метр), TD "турбодизел" эканлигини англатади.

Машинанинг орқа ўқи ортида 2,4 литрли 115 от кучига эга 6 цилиндрли двигатель жойлашган. Узатмалар қутиси – 6 поғонали механик Renault. Бундан ташқари, моторхоум конструкциясида General Motors ишлаб чиқарган фургондан олинган подвеска деталлари ва Pontiac 1000 хэтчбегидан олинган орқа фонарларни учратиш мумкин.

Машинанинг барча деталлари тўлиқ асл деталлар ҳисобланади. Сотувчи машина 99 фоизга бирламчи кўринишда сақланиб қолганини айтган, фақатгина BMW белгисигина ўзгартирилган. Машинада деярли 124 минг км йўл босиб ўтилган. Бундан ташқари, моторхоум бу синфдаги машиналар учун жуда кам ёнилғи истеъмол қилиши билан ажралиб туради: машина 100 км га бор-йўғи 9,4 литр ёнилғи сарфлайди. Машинанинг умумий ҳолати 10 баллдан 8,5 баллга баҳоланган.

Машина эгаси уни 33 минг доллардан камроқ сотмасликка умид қилмоқда: эълондаги суратда бу қиймат машинанинг орқа ойнасига ёпиштириб қўйилганини кўриш мумкин. Савдолар 26 апрель кечки пайт якунланиши кўрсатилган.

Кўпроқ янгиликлар