Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Халқаро хавфсизлик бўйича V Москва анжумани доирасида берган баёнотига кўра, Европадаги кескинликнинг кучли генератори бўлиб келаётган Украина инқирозига барҳам бериш вақти келган.

«Европа ўзаро муносабатларида кескинликларга бош сабаб бўлаётган Украина инқирози номли генераторни тўхтатиши зарур», — деган Россия ташқи ишлар вазири.

Россия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарининг қайд этишича, бунинг учун ягона йўл мавжуд — Минск келишуви бандларига ростгўйлик билан риоя этиш ва расмий Киев маъмуриятини зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга мажбур қилиш лозим.

«Ғарб ҳамкорларимиз шундай ҳаракатлар зарурлигини тушиниб бормоқда, аммо ҳозирча улар буни баралла ва ошкора айтишга тортинмоқда. Ишонаманки, улар Украина раҳбарияти билан ўтказадиган ёпиқ мулоқотларида айни фикрларни жиддийроқ илгари суришмоқда», — деган Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Россия — НАТО кенгаши хулосалари Европа хавфсизлиги билан боғлиқ вазият боши берк кўчага кириб қолганини исботламоқда.

Бундан аввал, Украина президенти Пётр Порошенко Россия агрессияси, Украинада атом фожеасини такрорлаш хавфини яратди, деб баёнот берган эди.