Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридан 360 км масофадаги Ҳалабда "Жибҳод ан-нусра" ва унинг иттифоқчилари бўлган бошқа террористик гуруҳлар ўт очишни тўхтатиш сулҳини бузди.

"Сурия" телеканали маълумотига кўра, жангарилар 28 апрель куни кун давомида Ҳалабга артиллерия зарбалари ёғдирган. Снарядлар Сурия армияси назорати остида бўлган шаҳарнинг аҳоли яшовчи кварталларига келиб тушган.

Шаҳарнинг Майдан, Ашрафия, Машарика ва Эл-Ҳамадония каби кварталларида талофатлар кўп бўлган.

Хабар қилинишича, ҳалок бўлганлар сони ўсишда давом этмоқда. Айни вақтда тинч аҳоли вакиллари бўлган 18 кишининг ўлими тасдиқланган. Шунингдек, 70дан ортиқ киши бу ҳужумлар туфайли жароҳатланган.

26 апрель куни Ҳалаб кўчаларига снарядлар келиб тушиши оқибатида тинч аҳоли вакиллари бўлган 10 киши ҳалок бўлгани ва 37 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.