Мексика шимолидаги Тамаулипас штатида отишма содир бўлди. Рейнос муниципалитети маъмурияти хабарига кўра, Валье-Альто туманида бир неча автомобилдаги қуролланган шахслар денгиз пиёда қисмларига ўт очишган.

"Ҳарбийлар бу ҳужумга жавобан ўқ уза бошлашган ва 2 жиноятчи йўқ қилинган", дея маълум қилинган хабарда.

Кўп ўтмасдан, ҳужумда иштирок этган 3 киши қўлга олинган, улардан ўточар қуроллар мусодара қилинган.

Март ойида Рейносда жиноятчилик кўлами кенгайиб, полициячилар билан қуролли тўқнашувлар давомида 10дан ортиқ жиноятчи нобуд бўлган. Ҳудуддаги ҳуқуқ-тартибот органларига ёрдам сифатида қўшимча 900 нафар ҳарбий хизматчи йўлланган. Март ойи охирида Лас-Йескас туманида полициячилар ва жиноий гуруҳ ўртасидаги тўқнашув оқибатида 8 жиноятчи ўлдирилган.

Баҳорнинг илк кунларида ҳукумат наркотиклар контрабандасига қарши кенг кўламли амалиётлар ўтказишни бошлади. Хусусан, Нуэво-Леон, Тамаулипас, Сан-Луис-Потоси ва Коауила штатларида жиноий гуруҳларга қарши кураш мақсадида қўшимча 3000 киши жалб этилди.