АҚШда панда кийими, тиббиёт ниқоби ва қора кўзойнакда бўлган эркак Балтимор шаҳрида (Мэриленд штати) жойлашган Fox45 телекомпанияси офисини портлатиш билан таҳдид қилди.

Телекомпания режиссёри Майк Томконинг айтишича, антиқа кийиниб олган номаълум эркак телекомпания офисига келиб, флэшкадаги ўзининг видеоматериалларини эфирда қўйишни талаб қилган. Эркакка рад жавоб берилганда, у ўз билан олиб келган портловчи қурилмани портлатиш блиан таҳдид қила бошлаган.

Офисдаги барча ишчилар бинодан чиқарилган ва полиция чақиртирилган. Воқеа жойига етиб келган полициячилар ён-атрофдаги кўчаларни тўсиб, телекомпания офисини ўраб олишган ва эркакни қўлга олишган. Fox News телеканали мухбирларининг маълум қилишича, бунинг учун полиция қурол ишлатишига тўғри келган. Эркакда портловчи модда бўлган-бўлмагани ҳозирча номаълум.

Шунингдек, телекомпания автотураргоҳида эркакнинг автомобили ёниб кетган, бироқ у ўт ўчирувчилар томонидан тезда ўчирилган. Қайд этилишича, автомобиль эркак бинога киришидан олдин ёниб кетган.