«Арсенал» жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер жамоасининг АПЛнинг бу мавсумдаги чемпионлик пойгасидаги иштироки муваффақиятсиз чиққани ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

«Умид қиламанки, мен «Арсенал»дан кетганимдан кейин жамоа янада кучайиб, ЕЧЛда ғолиб бўла олади ва ички чемпионатда ҳар йили чемпион бўлишга одатланади. Мен эса бу вақтда «Арсенал»ни трибуналарда қўллаб-қувватлаб турадиган энг катта мухлиси бўламан. Қолаверса, келгусидаги муваффақиятларда менинг ҳам ҳиссам бўлади.

Шуни унутмаслик керакки, биз оғир даврни бошдан кечирдик. Янги стадион қурганимизда зарурат туфайли етакчи футболчиларни трансферга қўйдик ва жон сақлаб қолдик. Лекин шундай вақтда ҳам биз ҳар йили ЕЧЛда иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритиб келдик. Жамоа рақобатбардошлигини сақлаб қолди.

Жорий мавсум биз учун бироз қайғули тугумоқда, ҳолбуки биз чемпион бўлиш учун яхши имконга эга бўлгандик. Англия Кубоги ва Англия Суперкубогидаги ғалабалардан кейин яна бир асосий совринни қўлга киритиш учун ҳақли эдик. Аммо бундай бўлиб чиқмади ва бу барча мухлисларни қаттиқ ранжитганини тўғри тушунаман», – дейди Венгер.

«Арсенал» 35-тур ўйинларидан кейин 64 очко билан тўртинчи ўринни банд этган. Жамоа кейинги турларни «Норвич», «Манчестер Сити» ва «Астон Вилла»га қарши ўтказади.