"Формула-1" автопойгасининг Red Bull жамоаси аъзоси, россиялик пойгачи Даниил Квят Mersedes жамоаси пойгачиси, пойганинг амалдаги чемпиони Льюис Хэмилтоннинг Россия Гран-приси саралаш босқичида ўзини номақбул тутишини танқид қилди. Бу ҳақда "Р-Спорт" нашри хабар бермоқда

"Менга алоқа орқали орқамда пойгачи тез даврада кетаётгани айтилса, мен бунга жавобан уни ўтказиб юбораман. Хэмилтон эса бундай қилмади. Билмадим, унинг хаёлида нима бўлган. Агар кўрмаганида бошқа гап эди. Агар бу шунчаки дангасалик бўлса, унда у ўзини хунук тутди", деб айтди Квят.

Хэмилтон саралаш босқичининг 1-сегментида Квятнинг рация орқали ўтказиб юбориш талабига қарамасдан, россиялик пойгачини ўтказиб юбормади. Квят оқибатда 8-ўринни эгаллади, Хэмилтон эса двигатель билан юзага келган муаммо сабабли трассадан чиқиб кетди. 
Саралаш босқичини Mersedes’нинг бошқа аъзоси Нико Росберг ютди.

Россия Гран-приси "Формула-1" пойгасининг мавсумдаги 4-босқичи бўлиб, 2014 йилдан бошлаб Сочидаги Олимпия боғидаги "Сочи Автодром" трассасида ўтказиб келинади. Асосий пойга 1 майда бўлиб ўтади.