Миллий ахборот агентлигида 2016 йилнинг биринчи чорагида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари эълон қилинди.

Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2016 йилнинг биринчи чораги давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблиги таъминланди

I. Иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар ва мамлакатни модернизация қилишни чуқурлаштириш, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлаш

2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида шу йилнинг биринчи чорагида асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиш суръатларини сақлаш таъминланди. 

2015 йилнинг биринчи чорагига нисбатан ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,5 фоиз ўсди. Макроиқтисодий барқарорлик давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси ва 2 фоизли инфляция даражаси ҳисобидан таъминланди. 

Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоиз ўсди ва ялпи ички маҳсулот таркибида 36,1 фоизни ташкил қилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,7 фоиз, чакана товар айланмаси ҳажми 12,8 фоиз, қурилиш пудрат ишлари 19,4 фоизга кўпайди. 

Хомашё ва ярим фабрикатларни чуқур қайта ишлаш асосида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли замонавий ишлаб чиқаришларни фойдаланишга топширишни жадаллаштириш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида инвестициялар ҳажми 8,5 фоиз ўсди. Жорий йилнинг биринчи чорагида ўзлаштирилган капитал қўйилмалар таркибида марказлаштирилмаган инвестициялар нисбатан катта ҳажмни (умумий ҳажмнинг 80,7 фоизи) ташкил этди. Шунинг 34,2 фоизи хўжалик субъектларининг ўз маблағларидир. 

Замонавий хизмат турларини, аввало, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш асосида жадал ривожлантириш чора-тадбирларининг амалга оширилиши самарасида хизматлар ҳажми 12,1 фоиз кўпайди, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўтган йилнинг шу давридаги 59,3 фоиз ўрнига 59,5 фоизга етди. 

Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари 

(2015 йилнинг шу даврига нисбатан фоиз ҳисобида) 

Ялпи ички маҳсулот - 107,5

Саноат - 107,0

Чакана савдо айланмаси - 112,8

Қурилиш ишлари - 119,4

Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми - 108,5

Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги - 106,7

Жами хизматлар - 112,1

Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 2015 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 14,4 фоиз ўсди ва 732 миллион доллардан ортиқни, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 563 миллион долларни ташкил қилди. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзлаштирилган маблағлар ҳажми 14,3 фоизга кўпайди. 

Жорий йил бошидан буён Инвестиция дастури доирасида 368 янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди, умумий қиймати 76,4 миллион долларлик 12 йирик ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди. Хусусан, «Мейлисой кони қурилиши», «Жиззах пластмасса» акциядорлик жамиятида полиэтилен плёнка ва қувурлар, «Ангрен» махсус индустриал зонасида чарм-галантерея буюмлари, «Жиззах» махсус индустриал зонасида шиша толасидан иссиқлик изоляция буюмлари, кенг турдаги электр қурилма ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш шулар жумласидандир. Шунингдек, «Бухородонмаҳсулотлари» ва «Навоийдонмаҳсулотлари» акциядорлик жамиятлари тегирмонларида энергия тежайдиган ускуналар ўрнатиш ҳисобидан техник қайта жиҳозланди ва бошқа қатор лойиҳалар амалга оширилди. 

Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни амалга ошириш давомида шу йил бошидан буён 632 ишлаб чиқариш қуввати, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари (228 объект), қурилиш материаллари (215), тўқимачилик буюмлари, кийим-кечак ва чарм маҳсулотлари (91), мебель маҳсулотлари (45), кимё ва пластмасса маҳсулотлари (26), машина ва ускуналар (18), фармацевтика маҳсулот ва препаратлари (9) ишлаб чиқарадиган корхоналар ишга туширилди. 

Таркибий ўзгаришлар жараёнларини чуқурлаштириш ва саноат тармоқларини диверсификация қилиш натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари кўпайишининг қарийб 80 фоизи ишлаб чиқарадиган саноат тармоқлари ҳисобидан таъминланди. Жумладан, кимё маҳсулотлари ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш суръати 29,4, озиқ-овқат маҳсулотлари 14,9, тўқимачилик буюмлари, кийим-кечак ва чарм маҳсулотлари 14,6, фармацевтика маҳсулотлари ва препаратлар 12,8 фоизга ошди. 

Автомобиль бензини, аммоний сульфати, натрий нитрати, сеялкалар, марказдан қочирма насослар, цемент клинкерлари, шакар, арпа ёрмаси, гилам ва гилам буюмлари, трикотаж кийимлар, провитамин ва витаминлар, дори-дармон ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўпайди. Хусусан, йил бошидан буён тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларининг 18 янги тури ва 24 модели, 38 турдаги қандолат, консерваланган мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотлари, 26 номдаги дори препаратлари ва бошқа истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

Жорий йилнинг биринчи чорагида 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш доирасида 534 лойиҳа бўйича қиймати 981,3 миллиард сўмлик ёки 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бунда импорт ўрнини босиш самарадорлиги 345 миллион доллардан ошди. 

2016 йил бошидан буён маҳаллийлаштирилган 37 турдаги янги маҳсулот, жумладан, нефт-газ-кимё ускуналари ва конвейер ускуналарининг эҳтиёт қисмлари, арматура, автомобиллар спидометри, спорт тренажёрлари, болалар велосипед ва самокатлари, электр сув иситиш мосламалари ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

Шу йилнинг ўтган даврида 2016-2020 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида 2,3 мингдан зиёд объект барпо этилди. Бунинг натижасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 12,1 фоиз, хусусан, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 10,2, молия хизматлари 22,9, соғлиқни сақлаш хизматлари 14, автотранспорт хизматлари 15,7, савдо хизматлари 13,1 фоизга кўпайди. 

Энергия сарфини камайтириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш доирасида шу йилнинг биринчи чорагида иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича йилига 280 миллион кВт/соат электр энергияси, 26 минг Гкал иссиқлик энергияси ва 3,6 миллион куб-метр биогаз ишлаб чиқариш кўзда тутилган манзилли тадбирлар ишлаб чиқилди. 

Умуман, ишлаб чиқариш қувватларини технологик янгилаш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва энергия самарадорлигини оширишга доир кўрилган чоралар самарасида жорий йил биринчи чорагида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини ўртача 9,4 фоиз қисқартиришга эришилди. 
 

II. Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш

Экспортбоп асосий товарларга нисбатан ташқи бозор конъюнктураси ёмонлашиб, нархлар пасайиши давом этаётган бир шароитда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг ташқи бозордаги ўрнини сақлаш мақсадида 2016 йилнинг биринчи чорагида ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар ҳажми ва турини кенгайтириш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспортга етказиб бериш географиясини диверсификация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Жорий йил бошидан буён қиймати 270 миллион доллардан зиёд маҳсулотларни экспортга етказиб берадиган 583 янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 95 турдаги янги товарлар экспорт қилинди, 20 янги бозорга экспорт маҳсулотлари етказиб берилди. 

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мева-сабзавот экспорт ҳажми (1,2 баробар), қора металл прокати (1,9 баробар), молибден маҳсулотлари (11 баробар), мис қотишмаси (1,8 баробар), аммоний сульфати (1,7 баробар), супрефос (2,6 баробар ), полиэтилен ҳажми (31 баробар) ўсди. 

Кичик бизнес корхоналари ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида Маҳсулотлар экспортига кўмаклашиш бюроси томонидан жорий йил бошидан буён 398 корхонага маслаҳат хизмати кўрсатилди, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш, аккредитация, маҳсулот экспорти, халқаро ва давлатлараро талабларни жорий этиш бўйича 29 халқаро шартнома тузилди. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 250 тадбиркорлик субъектига қиймати 250 миллион доллардан зиёд маҳсулотларни экспортга чиқаришга ёрдам кўрсатди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари “Ўзтадбиркорэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси орқали қиймати 150 миллион доллардан ортиқ ўз маҳсулотини экспорт қилди. 

Ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтириш ҳисобидан қишлоқ хўжалиги секторининг экспорт салоҳиятидан тўлиқ ҳамда самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 18 февралдаги 2492-сонли ва 2016 йил 7 апрелдаги 2515-сонли қарорларига мувофиқ, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси ва «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси ташкил этилиб, юртимизда етиштирилган мева-сабзавотларни экспортга етказиб бериш бўйича уларнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. 

Бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида шу йилнинг биринчи чораги якуни бўйича экспорт қилинган товар ва хизматлар умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100,1 фоизни ташкил қилди. 
 

III. Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш

Жорий йилнинг биринчи чорагида йўл-транспорт, ишлаб чиқариш ва ахборот-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш борасидаги ишлар фаол давом эттирилди. 

2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурини амалга ошириш доирасида шу йил бошидан буён 20 километрдан зиёд темир йўл участкалари қайта тикланди, Ангрен-Поп электрлаштирилган янги темир йўл линиясини барпо этиш ва Поп-Қўқон-Андижон участкаларини электрлаштириш, «Самарқанд-Бухоро темир йўл линиясини электрлаштириш ва юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи ташиш поездлари қатновини ташкил этиш» лойиҳаси доирасида Бухоро вокзалини қуриш, шунингдек, Навоий-Конимех-Мискин темир йўл линияси ва Қандим газни қайта ишлаш заводига олиб борадиган темир йўл қуриш учун ер полотноси ётқизиш ишлари амалга оширилди. 

Жорий йил бошидан буён 2013-2020 йилларда телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастурига кўра, замонавий технологиялар асосида 500 километрдан зиёд кенг полосали оптик-толали тармоқлар барпо этилди ва захирага олинди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталини модернизация қилиш ва кенгайтириш ишлари давом эттирилди. 

Натижада давлат ахборот ресурслари сони 317 тага етди, давлат органлари ахборот тизимлари 484 тадан ошди, 270 турдаги интерактив хизматлар жорий этилди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталига давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимиятининг 990 органи, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари уланган. Шу йил бошидан буён Ягона портал орқали 520 мингдан зиёд хизмат кўрсатилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 мартани ташкил қилди. 

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жой қуриш дастурига мувофиқ, жорий йил биринчи чорагида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича 13 мингта янги якка тартибдаги шинам уйлар қурилиши ва бу массивларни замонавий инфратузилма ҳамда бозор инфратузилмаси объектлари билан таъминлаш ишлари бошланди. 

Бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли жорий йилнинг биринчи чорагида 2,1 миллион квадрат метр, жумладан, қишлоқ жойларда 1,4 миллион квадрат метр уй-жой, шунингдек, 205,2 километр, жумладан, қишлоқ жойларда 162,3 километр сув қувурлари барпо этилди. 
 

IV. Хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат иштироки улушини босқичма-босқич камайтириш

Иқтисодиётда давлат иштирокини янада камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарасида шу йилнинг биринчи чорагида хусусий секторга қиймати қарийб 216 миллиард сўмлик инвестиция мажбуриятини қабул қилиш шарти билан 178 давлат объекти сотилди. 

Акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида ҳисобот даврида 6 йирик акциядорлик жамияти устав фондидаги давлат улушининг 15 ва ундан кўп фоиз ҳажми, жумладан, қўшимча акцияларни муомалага чиқариш орқали хорижий инвесторларга сотилди. 

Амалга оширилган чоралар натижасида устав фондида давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари сони биринчи чоракда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар, яъни 378 дан 209 тага камайди. 

Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида жорий йилнинг биринчи чорагида Корпоратив бошқарув кодекси тасдиқланди, 244 акциядорлик жамияти томонидан замонавий корпоратив бошқарув талабларига мувофиқ уставлар ва бошқа ички корпоратив ҳужжатлар қабул қилинди. 

2016 йилнинг биринчи чорагида тадбиркорлик фаолияти ва кичик корхоналар ташкил этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида кичик бизнес субъектларига 3,6 триллион сўмлик кредит ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўпроқ, жумладан, 773 миллиард сўмлик микрокредитлар ажратилди, халқаро молия институтларининг 40 миллион долларга яқин кредит линиялари ўзлаштирилди. Ўзбекистон Банклари ассоциацияси ҳузуридаги Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни молиялаштириш жамғармаси кўмагида қиймати 10 миллиард сўмлик 16 лойиҳа молиялаштирилди. 

Жорий йил бошидан мамлакатимиз туман ва шаҳарларида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатиш бўйича «E-ijro» идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш орқали фаолият бошлади. Ҳисобот даврида “ягона дарча” марказлари орқали 23 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатилди. 

Хусусий тадбиркорликка товар ва хомашё бозорларидан фойдаланишини кенгайтирилиши туфайли Республика товар-хомашё биржасида давлат харидлари бўйича ўз товар ва хизматларини етказиб берувчи сифатида рўйхатга олинган кичик бизнес субъектлари сони 11 фоизга кўпайди, давлат харидлари иштирокчилари умумий сонида уларнинг улуши 98,3 фоизни ташкил қилди. 

Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар шу йилнинг биринчи чорагида 8,4 мингдан ортиқ янги кичик бизнес субъекти, уларнинг асосий қисми саноат ва қурилиш соҳасида (30,8 фоиз) ташкил қилинди. Бу эса, ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес улушини 2015 йилнинг биринчи чорагидаги 41,7 фоиздан 43,1 фоиз, саноатда 32,6 фоиздан 37,3 фоиз, инвестицияларда 31,5 фоиздан 40,2 фоиз, экспортда 20,9 фоиздан 24,4 фоиз, бандликда 76,7 фоиздан 77,1 фоизга ошириш имконини берди. 
 

V. Қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишни давом эттириш ва таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат дастури ижроси доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 150 километрдан зиёд коллектор, 35,5 километр ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 3 вертикал дренаж қудуғи, 24 кузатув қудуғи, 1 гидротехник иншоот барпо этилди. 2,9 минг километр коллектор-дренаж тармоғи тозаланди. Пудрат ташкилотларига умумий қиймати 40 миллиард сўмлик 140 та мелиорация техника ва ускуналарини лизинг асосида етказиб бериш бўйича шартномалар тузилди. 

Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ этиш ва ривожлантириш дастурига мувофиқ, жорий йилда пахта майдонлари 30,5 минг гектарга қисқартирилди. Пахтадан бўшаган ерлар ҳисобга олинган ҳолда, асосий экин майдонларига, 172,6 минг гектарга сабзавот, 86,3 минг гектарга картошка ва 26,3 минг гектарга полиз экинлари экилди. 5,2 минг гектар майдонда янги интенсив боғлар барпо этилди, 5,7 минг гектар майдондаги боғ ва 3,2 минг гектар токзор реконструкция қилинди, 163 гектар майдонда 4264 иссиқхона ташкил этилди. 

Мева-сабзавотларни сақлаш бўйича моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида 10,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 16 янги совутиш камераси ташкил этилди. 

Натижада шу йилнинг биринчи чорагида 53,1 минг тонна сабзавот (2015 йилнинг шу даврига нисбатан 110,6 фоиз) етиштирилди. Йил бошидан буён 95,1 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди. 

Чорвачилик тармоғи салоҳиятини янада юксалтириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида жорий йил бошидан буён йирик шохли қорамол ва паррандаларни кўпайтириш, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш бўйича 664 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бунинг самарасида шу йилнинг биринчи чорагида йирик шохли қорамоллар сони 11,5 миллиондан ошди (2015 йилнинг шу даврига нисбатан 105,8 фоиз), 425,8 минг тонна гўшт (106,1 фоиз), 12,7 минг тонна балиқ (110 фоиз), 1 594,8 минг тонна сут (106,4 фоиз), 1 180,4 миллион дона тухум (106,7 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 
 

VI. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш

Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 167,4 мингта иш ўрни яратилди. Уларнинг 57,7 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди. 

Янги ташкил этилган иш ўринларининг 12,9 мингтаси саноатни модернизация ва диверсификация қилиш дастурларини амалга ошириш, 14,7 мингтаси муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй қуриш дастурини ҳаётга татбиқ этиш, 66,4 мингтаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, 36,7 мингтаси қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш ва ер участкаларини оптималлаштириш дастурларини бажариш, 36,7 мингтаси хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш ҳисобидан ташкил қилинди. 

2015-2016 ўқув йилида касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва уларни кейинчалик мазкур корхоналарга ишга жойлаштириш кўзда тутилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Касб-ҳунар коллежларининг 387 минг битирувчилари билан тўрт томонлама – “коллеж-корхона-битирувчи-ҳоким” шартномалар тузилиб, кейинчалик иш билан таъминлаш мақсадида амалиёт ўташи учун улар 150 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотга бириктирилди. 

Таълим жараёни ва тиббиёт хизмати сифатини янада оширишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида жорий йил бошидан буён таълим ва тиббиёт муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, уларни зарур инвентарлар билан жиҳозлаш учун қиймати 221 миллиард сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди (2015 йилнинг шу даврига нисбатан 113,9 фоиз). 
 

VII. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида шу йилнинг биринчи чорагида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, мустаҳкам, соғлом ва аҳил оилани шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. 

Тиббиёт хизмати сифатини янада юксалтириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимининг амбулатория-поликлиника бўғинини мустаҳкамлаш, замонавий даволаш ва ташхис қўйиш ускуналари жорий этиш, аҳолига амбулатория-поликлиника ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш ҳамда профилактика тадбирларини кенгайтириш чора-тадбирлари амалга оширилди. 

Халқаро ташкилотларнинг молиявий кўмаги билан мамлакатимиз клиникаларида туғма ривожланишида нуқсонлари бўлган 44 та ва туғма юрак хасталиги билан туғилган 10 та бола операция қилинди ҳамда соғломлаштирилди. 155 минг нафардан зиёд бола бошқариладиган 12 инфекцияга қарши эмланди. 14 ёшгача фарзанди бўлган 1120 оилага, 2 ёшгача фарзанди бор 8460 оилага, шунингдек, 2310 кам таъминланган оилага моддий ёрдам кўрсатиш белгиланди. 

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида ушбу мақсадларга жами қарийб 1,3 триллион сўм йўналтирилди. 

2016 йилнинг биринчи чорагида иқтисодий ривожланишнинг юқори ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш, салбий ташқи ўзгаришларга муваффақиятли қарши туриш ҳамда жорий йилда иқтисодиётимизнинг 7,8 фоиз даражасидаги прогноз ўсиш суръатларига эришиш учун салмоқли захира ва имкониятлар мавжудлигидан далолат беради.