Ўзбекистонда UzTrade - биринчи ташқи савдо электрон платформаси йўлга қўйилиб, у товар ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишга ёрдам беради. Бу ҳақида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги (ТИАИСВ) Sputnik нашрига маълум қилди. 

ТИАИСВ ва "Савдони рағбатлантириш" лойиҳасининг ҳамкорлик дастури энг аввало кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг ташқи бозорларга чиқишини таъминлаши керак.

"UzTrade Ўзбекистонда биринчи электрон ташқи савдо платформаси ҳисобланади, унда мамлакатнинг ҳар бир корхонаси хорижлик харидорлар учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифат ва техник параметрлари, таъминот шароитлари ва экспорт нархларини ўз ичига олган барча зарур маълумотларни жойлаштирувчи шахсий интернет саҳифасини яратиши мумкин", - дея изоҳ берди ТИАИСВ қошидаги "Ўзтадбиркорэкспорт" АЖ маркетинг бўлими мутахассиси Ирина Коршикова.

Шу билан бирга у янги платформанинг функционал имкониятлари корхонанинг ҳар бир ходимига "шахсий кабинет" очишни кўзда тутганини таъкидлади, бу экспорт шартномасини тузишда улгуржи сотиб олувчилар билан музокара олиб боришга йўл очади. 

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, бу улкан электрон "супермаркет"да бугунги кунга келиб мингдан ортиқ ишлаб чиқарувчилар регистрациядан ўтаган, улар ўзларининг уч мингдан ортиқ маҳсулотлари ҳақида маълумотлар жойлаштиришган. Корхоналарнинг тармоқдаги иштирокини янада фаоллаштириш учун мутахассислар келгусида онлайн-тўловли экспорт шартномасининг проформасини шакллантириш тизимини йўлга қўйишмоқчи. 

Шунингдек, Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарининг савдо маслаҳатчилари ҳам UzTrade орқали фаолиятга жалб этилади, улар ўз навбатида потенциал мижозларни янги имкониятлардан хабардор қилиб туришади. Буларнинг барчаси бир бўлиб, ўзбек маҳсулотининг экспортига хориждан йирик харидорлар ва импортерлар жалб қилувчи ягона самарали механизмни шакллантириши керак. 

"Савдони рағбатлантириш" лойиҳаси Ўзбекистондаги инклюзив тараққиётни товарларнинг рақобатбардошлиги ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда уларнинг савдодаги иштирокини кенгайтириш йўли билан қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа экспертлари миллий қонунчиликнинг Бутунжаҳон савдо ташкилоти нормаларига мувофиқлиги таҳлилида ёрдам кўрсатишади.