Ўзбекистонлик Жамшид Тўраев турникда икки бармоқ ёрдамида тортилиш бўйича Гиннеснинг жаҳон рекордини ўрнатди, деб хабар қилмоқда Гиннесс рекордлар сайти. 

37 ёшли ўзбекистонлик ўрта бармоқлари ёрдамида бир дақиқада 19 марта тўлиқ тортилишга эришган. Аслида у 25 маротаба тортилган, бироқ 6 таси белгиланган меъёрларга жавоб бермагани учун ҳисобга киритилмаган. 

Спортчи ўзининг рекордини рўйхатга олиш учун топширган аризасида айтишича, у беш йил мобайнида шуғулланган. Айтиш жоизки, Жамшиднинг мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлиб, Самарқанддаги Суворов ҳарбий билим юртини ҳам тамомлаган. 

Айни вақтда, ўзбекистонлик Кипрда истиқомат қилади ва мураббий-инструктор бўлиб ишлайди. 

Шуни ҳам қайд этиш керакки, ушбу рекорд Тўраев учун иккинчи Гиннесс рекордидир. Турникда орқача тортилиш бўйича ўтган йили май ойида ўрнатилган жаҳон рекорди ҳам унга тегишлидир. У ўшанда бир дақиқада 23 маротаба тортилишга муваффақ бўлган эди.