Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакат миқёсида ташкил этилган “Биз буюк юрт фарзандларимиз” деб номланган ёшлар фестивали 11-13 май кунлари Андижон вилоятида бўлиб ўтади.

Ёшларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, ўсиш-ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, айни жараёнда уларнинг қалбида дахлдорлик ва шукроналик туйғусини шакллантириш, буюк аждодлар мероси ҳамда миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган мазкур фестиваль минглаб ёшларни қамраб олди.

Фестиваль олдидан Андижон вилояти ҳокимлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова, Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров ва бошқалар фестивални ўтказишдан асосий мақсад, унинг аҳамияти, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот бериб ўтишди.
Анжуманда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Шундан сўнг вилоят марказидаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида тарғибот гуруҳидаги санъаткорлар иштирокида бошланажак фестиваль олдидан дебоча сифатида концерт дастури намойиш этилди.

“Kun.uz” мухбири фурсатдан фойдаланиб, тарғибот гуруҳи сафида Андижонга ташриф буюрган санъаткорларни суҳбатга тортди. Бу борада “Камолот ПРЕСС” ёш репортёрлар клуби аъзоси Бобурмирзо Ҳожиакбаров яқиндан ёрдам берди.

Отабек Муталхўжаев, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори, хонанда:


– Бугун Андижонга келдик, кайфиятлар зўр. Умуман олганда водийни жудаям яхши кўраман. Бизни жуда яхши кутиб олишди. Андижонда оммавий тадбирлар доим кўтаринки руҳда ўтади. Вилоятнинг шижоатли ёшларига қойил қолмай иложимиз йўқ. Энг асосийси уларда санъатга бўлган муҳаббат кучли. Кўриниб турибдики, бу ерда “Биз буюк юрт фарзандларимиз” фестивалига жуда катта тайёргарлик кўрилган. Бошланажак фестиваль доирасидаги барча тадбирлар мустақилликнинг 25 йиллигига муносиб совға бўлади. 

Масрур Усмонов, хонанда:


 – Андижонга кириб келишимиз билан, тарғибот гуруҳи аъзоларини бир хил кийимдаги ёшлар, қўлларида ватан байроғи билан кутиб олишди. Уларнинг кўзидаги қувончни сўзсиз ҳам ҳис этиш мумкин эди. Уларнинг самимий меҳрини, қувонч ва иштиёқини пайқаш қийин эмас. Ўйлайманки, мана шундай зўр кайфият фестиваль давомида барчамизга ҳамроҳ бўлади.

Муаллиф: Элмурод Эрматов, Андижондан “Kun.uz” сайти учун махсус.