«Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери ўз жамоасининг АПЛ чемпиони бўлиши муносабати билан италиялик журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.

Қайси вақтга келиб «Лестер»нинг чемпион бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошладингиз?

– Сафарда «Манчестер Сити» устидан сафарда қозонилган ғалабадан кейин (2016 йилнинг 6 феврали, 25-тур, 3:1). Шунингдек, «Арсенал»га қарши иккинчи даврадаги ўйинда (14 февраль, 1:2) охирги дақиқаларда мағлуб бўлсакда, чемпионларга хос ўйнагандик. Ўша ўйин вақтида жамоанинг иштиёқини кузатиб ёрдамчимга биз чемпион бўла олишимиз ҳақида илк бор айтганимни эслайман.

«Лестер» эртаги Италияда такрорланиши мумкинми?

– Катта жамоаларда муаммолар юзага келса мумкин. Бу мавсумда Англияда айнан шундай ҳолат кузатилди.

Сизларнинг чемпионлигингиз футбол тарихидаги энг катта жасорат бўлди деб ҳисоблайсизми?

– Йўқ. Бундан аълороқ натижалар ўтган асрда «Ноттинҳэм Форест» жамоаси томонидан ўрнатилган. Улар мамлакат чемпиони бўлиш билан бирга Европа чемпионлар Кубогини ҳам ютишган. Мен ҳам кейинги йилларда шундай муваффақиятни такрорлашга умид қиламан», – деган италиялик мутахассис.