Арманистондаги қуролли гурухлар томонидан Озарбайжоннинг қадимий тарихий ва маданий маркази бўлмиш Шуша шаҳри оккупация қилинганлигига 24 йил бўлди. 1992 йилнинг 7-8 май кунлари 250 йиллик тарихга эга, Қорабоғ ўлкасида Панах Али хон томонидан асос солинган Шуша шаҳри ер юзидан деярли супуриб ташланди. Шаҳарнинг оккупация қилиниши оқибатида озарбайжон миллатига мансуб 23 минг 156 нафар аҳоли киндик қонлари тўкилган маконларидан ҳайдаб чиқарилди. 12 майдан бошлаб қуролли гурухлар шахардаги тарихий-меъморий, санъат ва диний ёдгорликларни бузиб ташлади. Шу тариқа шаҳар вайронага айланди. Қуролли тўқнашув оқибатида 197 шушалик ҳалок бўлди. 300 киши жарохат олди. Шу тариқа Тоғли Қорабоғда миллий тозалаш жараёнлари бошланди.

Қорабоғ хонлигининг юрагида жойлашган Шуша 1751 йилдан 1797 йилга қадар форс шоҳлари томонидан истило қилинган бўлишига қарамай асло таслим бўлмаган эди. 19-20 асрларда маҳаллий аҳолини кўчириш сиёсати олиб борилди. Бунинг натижаси ўлароқ минтақага арман миллатига мансуб аҳоли кўчириб келтирилди, улар ўз навбатида бу ерда қадимдан арманлар истиқомат қилиб келганини исботлашга уринишди.

Жаҳонда ҳар бир тоши, ҳар бир кўчаси мусиқа билан қоришиб кетган шаҳарлар камдан кам топилади. Биз бу борада Австрия пойтахти Венани, Италиянинг Неаполь шаҳрини тилга оламиз. Озарбайжоннинг Шуша шаҳрини ҳам мана шу икки шаҳар қаторига қўшиш мумкин. Таҳлилчилар Шушани Озарбайжон шеърияти ва мусиқасининг бешиги ҳамда ибодатхонаси, “Кавказ консерваторияси” деб аташади. Айнан шу шаҳарда озарбайжон мусиқа саньатининг дурдонаси бўлмиш “муғом” (мақом) туғилган.

Машҳур шоир Самад Вурғуннинг сўзлари билан айтганда, Озарбайжоннинг деярли барча машҳур шоир ва машшоқлари Шушада туғилиб вояга етишган. Қадимий даврлардан то шу кунга қадар Шушалик истеъдодли мусиқачилар озарбайжон мусиқасини нафақат ўз ватанларида, балки бутун дунёга намоён қилдилар. Шуша ва муғомни озарбайжонликлар бир-биридан асло ажратишмайди. “Агар сен муғом айтишни билмасанг, ўзингни Шушалик деб айта олмайсан” ёки “Шушаликлар йўргакданоқ муғом оҳанглари остида йиғлайдилар” дейишади озарбайжонликлар. Шу сабабли ҳам Шушани “куйловчи шахар” деб аташади. Шушалик хонандаларни нафақат Озарбайжонда, балки минтақадаги бошқа мамлакатларда ҳам ҳурмат қилишарди, эъзозлашарди.

Дархақиқат XVIII —XIX асрларда Шушада машҳур хонандалар томонидан ташкил этилган буюк муғом мактаблари фаолият юритган. Бу мактаблар нафақат Кавказда, балки бутун Яқин Шарқда машхур бўлган. XVIII асрда айнан Шушада машҳур шоир Мулла Паноҳ Воқиф яшаб, ижод қилган. Унинг ижоди Озарбайжон адабиёти ва мусиқаси ривожига улкан ҳисса қўшган. Шоирнинг шеърлари халқ томонидан қўшиқ қилиниб, куйланди.

Озарбайжон халқи қадимий ва бой мусиқа дурдонасига эга. Бу халқнинг мусиқасига оид маълумотлар эрамиздан аввалги асрларга оид қоятош расмларда акс этган. Ўрта асрларда яшаб ижод қилган Низомий ва Фузулийлар ҳам ўзлари мансуб бўлган халқнинг мусиқаси хақида ёзиб қолдиришган. XIX аср охирларига келиб Озарбайжонда мусиқа мажлислари, жамиятлари, гуруҳлари, кружоклари ташкил этилиб, озарбайжон мусиқасининг ривожига ҳисса қўшди.

Мусиқашунос Харрат Гулу Мухаммад ўғли(1823-1883) Шушада мусиқа мактаби ташкил этиб, бу даргохда муғом асослари ўргатила бошланди. Бу мактаб машҳур хонандаларни етиштириб берди. Мусиқа мактабларида кўзга кўринган мусиқачилар Шарқ мусиқасининг нозик сирларини ёш хонандаларга ўргатишди. Мусиқа мажлислари миллий мусиқа руҳини сақлаб қолишга, уни ажнабий оҳанглар билан қоришиб кетишига йўл қўймади. Мусиқа, саньат ва шеъриятдаги нозиқ қирралар муҳокама қилинган бу каби мажлислар тўй ва турли байрам қўшиқларини асл дурдоналар билан аралашишиб кетишини олдини олди. Бу жамоалар халқ маданий ҳаётида катта ўрин тутишган.

Тарихчиларнинг фикрича, Шуша ҳамиша озарбайжон халқининг маданият маркази, мусиқа ва саньатининг бешиги бўлиб келган. Қорабоғ хонлигининг пойтахти бўлмиш Шуша қисқа вақт ичида Озарбайжонга кўплаб сиёсатчи, ҳарбий арбоб, философ, ёзувчи, шоир, хонанда, бастакор ва мусиқачи, рассом ва архитекторларни етказиб берган. Жуғорофий жойлашувининг қулайлиги, иқтисодий ривожланиши, табиати гўзаллиги сабаб бўлса керак Шуша узоқ муддат фан, шеърият, мусиқа маркази бўлиб келган. Озарбайжон тарихида илк бор театр, цирк намойишлари, ғарб ва шарқ концертлари, мусиқий, илмий, маърифий йиғилишлар айни шу шаҳарда пайдо бўлган. Бундан ташқари босмахона, кутубхоналар, замонавий билим юртлари, маданий-маърифий муассасалапр ҳам илк бор Шушада очилган. Аста-секин Шуша қўрғони атрофида мавзкелар қурила бошланди. Тоғли Қорабоғдаги Шуша шахрига Паноҳ-Али-хон томонидан 1751 йилда муҳофаза қальаси сифатида асос солинган. Аввалига шаҳар ўз асосчиси шарафига Паноҳобад деб номланган. Кейинчалик эса қальага яқин атрофдаги Шушикент қишлоғининг номи берилади ва Шуша дея номланади. Шуша 1756 йилдан 1823 йилга қадар Қорабоғ хонлигининг маъмурий маркази бўлди. Шуша ҳамиша Қорабоғнинг тожи бўлиб келган.

Ҳавосининг тозалиги ва мусаффолиги сабаб шаҳарга Шуша номи берилган. Шуша ўзбекчада “шиша” номини англатади. Табиат бу шаҳарга кўплаб шаффоф булоқларни иньом этган. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида Шушанинг социал-иқтисодий, маданий хаётида юксалишлар даври бўлди. Қўриқхона-шаҳар номига сазовор бўлган Шушада 248 та тарихий ёдгорлик, 8 та музей, бадиий галерея, мақбара, 8 та мусиқа мактаби, маданият маркази бор эди.

Минг афсуски, 1992 йилнинг майида гуллаб-яшнаган шаҳар таназзулга юз бурди. Мактаблар, меъморий ёдгорликлари вайрон қилингани боис шахар деярли ҳувиллаб қолди. Озарбайжоннинг дурдонаси бўлмиш Шушанинг эгаллаб олиниши ва вайрон қилиниши аянчли ҳолдир. Умид қиламизки, минтақада тинчлик қарор топиб, Озарбайжон мусиқасининг бешиги ва ибодатхонаси бўлмиш Шушада яна “Қорабоғ булбуллари” томонидан муғом оханглари янграй бошлайди.

Шарофиддин Тўлаганов.