БААдаги дилерлик маркази Lexus LX 570 йўлтанламасининг кабриолетга айлантирилган русумини савдога қўйди. Енгил, йиғилувчи томга эга автомобиль 1,3 миллион дирҳам (350 минг АҚШ долларига яқин)га сотилмоқда. 

Унинг интерьери ва куч ускунаси ўзгартирилмаган. Одатдаги Lexus LX 570 5,7 литрлик 367 от кучини берувчи саккиз цилиндрли двигателга эга. У саккиз босқичли автомат узатмалар қутиси билан бирга машинани ҳаракатлантиради. Йўлтанламас 100 км тезликка 7,7 сонияда эриша олади. 

Аммо машинани қайси компания қайта ишлагани номаълум. Эълонга кўра, кабриолет янги ва унга оддий кафолат жорий қилинади. 

Маълумки, ҳозирча фақат Land Rover компанияси йўлтанламас кабриолетни серияли ишлаб чиқаради. Range Rover Evoque кроссовери негизида ишлаб чиқилган моделнинг юмшоқ томи 18 сонияда йиғилади, 21 сонияда тикланади.