Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги журналистларни 2016 йилнинг июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ мамлакатлари раҳбарлари учрашувида қатнашиш учун аккредитация қилишни бошлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати сайтида маълум қилинган.

Кенгашни ёритиш ниятида бўлган ОАВ вакиллари Ўзбекистон ТИВ сайтида кўрсатилган ҳужатлар тўпламини вазирликка юбориши сўралган.

1. манфаатдор оммавий ахборот воситаси раҳбарининг Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ёки консуллик ваколатхоналари ёки Ўзбекистон Республикаси ТИВда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик ваколатхоналар орқали ўз мухбирини аккредитация қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири номига мурожаатнома хати;
2. манфаатдор оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумотнома-ахборот;
3. мухбирнинг таржимаи ҳоли ва паспорт нусхаси;
4. аккредитация қилинадиган мухбирнинг 700х700 dpi ҳажмдаги фотосурати (юқори сифатда, қатъий тўғрига қараган ҳолда, оқ ёки кўк фонда, электрон нусхасини sco2016@tiv.uz электрон почта манзилига жўнатиш);
5. тўлдирилган анкета (электрон нусхасини sco2016@tiv.uz электрон почта манзилига жўнатиш).

ОАВ вакилларидан аккредитация аризалари 2016 йилнинг 6 июни Тошкент вақти билан соат 18:00гача қабул қилинади. Ушбу муддатдан кейин олинган ёки керакли маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган, аризалар ва журналистлар анкеталари кўриб чиқилмайди.

Чет эл ахборот воситалари, анжуманда қатнашиш учун нафақат ариза юбориши, балки Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитация олиши керак бўлади.