“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-405-сон Қонун билан мамлакат манфаатларига зарар етказадиган битимларни тузганлик учун жиноий жавобгарлик нормаларига тузатишлар киритилди.

Norma.uz нашрининг ёзишича,  наф келтирмаслиги аён бўлган битимни тузиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига илгари фойдаланилган, жисман ишлатиб бўлинган, маънавий эскирган ёки замон талабларига жавоб бермайдиган асбоб-ускунани ёхуд технологияларни олиб киришга, шунингдек, уларни ўрнатиш ва жорий этишга олиб келган битимни тузиш, республика манфаатларига кўп миқдорда зарар етказган бўлса, худди шунингдек, бундай битим тузилишига сабаб бўлган эксперт хулосасини ёки бошқа ҳужжатни ваколатли давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси томонидан бериш ЭКИҲнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракат жуда кўп миқдорда (ЭКИҲнинг 500 баравари ва ундан кўп) зарар етказган ҳолда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бироқ етказилган моддий зарар 3 карра миқдорида қопланган тақдирда шахс жазодан озод этилади.