Франк де Бур 6 йиллик фаолиятдан кейин Нидерландиянинг "Аякс" жамоаси бош мураббийлиги лавозимини тарк этди. Бу ҳақда амстердамликлар жамоаси расмий сайтида маълум қилинган.

Бундан олдинроқ, жамоа билан қаторасига тўрт марта (2011-14 йиллар мавсуми) мамлакат чемпионига айланган Де Бур Англиянинг "Эвертон" жамоасида иш бошлаши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

"Мен нимадир янги иш қилиш кераклигини англаб етдим", деган 45 ёшли мутахассис "Аякс" жамоаси сайтига берган интервьюсида.

Пойтахт клуби мавсумнинг охирги турида "Де Графсхап" жамоаси билан дуранг ўйнади ва мавсум чемпионлигини ПСВ жамоасига бой берди.

Де Бурнинг ўрнини "Аякс"да Питер Бош эгаллаши кутилмоқда. "Витесс"нинг собиқ бош мураббийи ҳозирда Тель-Авивнинг "Маккаби" жамоасини бошқармоқда.