Халқаро футбол федерациясининг (ФИФА) бош котиби лавозимини биринчи марта аёл киши эгаллади. Ташкилот президенти Жанни Инфантино конгресс йиғилишида Сенегал вакили Фатма Самурани ФИФАнинг янги бош котиби сифатида таништирган.

"Биз ФИФАни икки асосий қисмга ажратишни истаймиз: футбол ва маъмурият. Биринчи қисм футболга спорт тури сифатида қараб унинг ривожланиши масалалари билан шуғулланади. Маъмурият эса ташкилотнинг молиявий масалалари билан шуғулланди", деган ФИФА президенти ташкилотдаги ислоҳотлар режаси ҳақида гапириб.

"Мен шунингдек бугун сизларга янги бош котибимиз, сенегаллик Фатма Самурани таништирмоқчиман. У менда шу вақтгача учратган кишиларим орасида барчадан ҳам кўра ажойиброқ таассуротлар қолдирган", дея қўшимча қилган Инфантино.

Шу тариқа, Самура хоним ФИФА тарихидаги илк аёл бош котибга айланди.

Шу вақтгача Маркус Каттнер ФИФА бош котиби сифатида вақтинчалик  фаолият юритиб келганди. У ўтган йил охирида футболдаги фаолиятдан 12 йилга четлаштирилган Жером Валкенинг ўрнини эгаллаганди.