Қирғизистон махсус хизмати мамлакат президентлиги учун собиқ номзодни ҳибсга олди

Жаҳон 14 Май 2016 5418

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси расмий вакили Рахат Сулаймановнинг маълум қилишича, Қирғизистон давлат раҳбарлиги учун номзодини илгари сурган Нурлан Мотуев, терроризмга чорлаганликда айбланиб қўмита ходимлари томонидан қўлга олинган. 

"Мотуев ушланди, унга айблов эълон қилинган", -деб изоҳлаган Сулайманов. Унинг сўзларига кўра, сиёсатчини ушлашга унинг "терроризмга чақириқлари" сабаб бўлган. 

"У яқинда бўлиб ўтган форум ва митинг чоғида шундай фикрларни билдирган". Сулаймановнинг қайд этишича, Мотуевнинг шу мавзудаги чиқишларини интернет тармоғида ҳам кўрса бўлади. 

Маҳаллий ОАВ хабарларига қараганда, Бишкекда бўлиб ўтган форум чоғида нутқ қилган Мотуев, инсонлар "бу дунё ҳаётига боғланиб қолмаслиги", аксинча "мужоҳидлар каби" яшашлари лозим деган сўзларни айтган. 

Мотуев 2011 йил кузида Қирғизистон президентлиги учун номзодини илгари сурган, бироқ овоз бериш жараёни бошланишига оз қолганда номзодини қайтариб олган эди. 

У республикада ўзининг кескин қарашлари билан танилган. Бир неча йиллар муқаддам, Мотуев қирғиз газеталаридан бирининг биносига бостириб кирган ва техникаларини йўқ қилган эди. Ўтган ўн йиллик охирларида эса, Кара-кечдаги кўмир конида одамларга граната ҳам улоқтирганди. Мазкур воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилган, аммо ўша пайтдаги "кўмир қироли" (ОАВ Мотуевни шундай аташган) маъмурий жарима билан қутилиб қолган эди.

Кўпроқ янгиликлар