Бутунжаҳон боксчилик кенгаши (WBC) талқини бўйича ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони Деонтей Уайлдер россиялик боксчи Александр Поветкин билан жанг қилишдан бош тортди, деб хабар бермоқда америкалик боксчининг мураббийи ва менежери Жей Дизга иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги. Уайлдер Поветкиннинг допинг намуналарида мельдонийнинг минимал миқдордаги қолдиқ излари топилгани сабабли жанг қилишдан бош тортди. 

"Поветкин билан жанг бўлиб ўтадими? Буни ундан сўранг, у бизни алдади", деб айтди Диз.

Россиялик боксчининг қонида 70 нанограмм мельдоний моддси аниқланган. Бу ҳақда "Мир бокса" промоутерлик компанияси раҳбари ва Поветкиннинг вакили Андрей Рябинский твиттерда маълум қилганди. Унинг айтишича, боксчи охирги марта мельдонийни 2015 йил сентябрда, яъни бу модда тақиқланишидан аввал қабул қилган.

Жанг 21 майда Москвадаги "Мегаспорт" аренасида бўлиб ўтиши керак эди.