Германия федерал суди Mercedes-Benz компаниясига, немис бозорида сотилаётган ўз автомобилларида бўйин соҳасини иссиқ ҳаво билан ўраб олиш имконини берувчи "Airscarf" («ҳаво шарфи») тизимини қўллашни тақиқлади, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

Airscarf’ли машиналарни сотишни тақиқлашни сўраб, 1996 йилда ушбу тизимга патент олган Людвиг Шатцингер мурожаат қилган. Айтиш жоиз, ушбу маҳкама жараёни Mercedes-Benz ва Шатцингер ўртасидаги илк тортишув эмас: Airscarf судларнинг қуйи инстанцияларида икки маротаба мағлубиятга учраган. 

Суд қарорига кўра, автомобиль ишлаб чиқарувчиси тизимларни нафақат машинага ўрнатиш, балки сотилмаган ёки мижозларга етказилмаган машиналардаги тизимларни ишдан чиқариши керак. Шу билан бирга, «Мерседес» ўз реклама роликларида Airscarf’ни кўрсатишга ҳақи йўқ. Бироқ  харидорлар ихтиёрига ўтган кабриолетларга бу қарор таъсир этмайди. 

Бундан ташқари, Mercedes-Benz патент соҳибига унинг рухсатисиз Airscarf’дан фойдалангани учун кўрилган зарарни қоплаши лозим. Унинг ҳажми, ушбу тизимга эга машиналар савдоси сонига кўра аниқланади. 

Аммо Autocar’нинг ёзишича, 2016 йил 25 декабридан сўнг, Mercedes-Benz компанияси Airscarf тизимидан фойдалана олади. Шу куни Шатцингерга тегишли патент муддати поёнига етади.

Айтиш жоизки, Airscarf тизими Mercedes-Benz’нинг томи очиладиган кўплаб моделларида мавжуд.