Россиялик боксчи Александр Поветкин матбуот анжуманида таъкидлашича, у тақиқланган дориларни истеъмол қилмаган ва аксилдопинг ташкилотлари қаршисида виждони тоза. Александрнинг айтишича, бўлғуси жангнинг қолдирилиши унинг фаолиятига салбий таъсир этади. 

"Мен бундан шокдаман, албатта. Ушбу можаро қандай якунланади, билмайман. Аммо ҳозирданоқ барчаси салбий томон юз тутмоқда", - деган Поветкин.

Маълумки, Поветкиннинг ўта оғир вазнда WBC (Бутунжаҳон бокс кенгаши) таснифи бўйича жаҳон чемпиони америкалик Деонте Уайлдер билан 21 майда белгиланган жанги, Александр билан боғлиқ допинг можароси сабаб номаълум муддатга қолдирилган эди. 

Америкалик боксчи фаолияти давомида 36 ғалабага эришган, (35таси нокаут), битта ҳам мағлубият аламини тортмаган. Поветкин ҳисобида 30 ғалаба, (22 таси нокаут) ва битта мағлубият бор. 

"Албатта, қандайдир лой чаплашса ким ҳам ўзини яхши ҳис қилар эди. Аммо мен бундай ҳисдан йироқман, чунки ҳеч нарса истеъмол ёки қабул қилганим қўй.  "Милдронат"ни эса, тақиқланмасдан аввал кўпчилик қабул қилган", - деган Поветкин.

"Жамоа жангнинг бошқа муддатга қолдирилиши ёки бекор қилинишини кутгани боис, бунга тайёр эди", - деган боксчининг мураббийи Иван Кирп. 

Поветкиннинг Уайлдер билан жанги арафасида ўтказилган допинг текширувида Александрда мельдоний қолдиғи борлиги аниқланган эди. Унинг миқдори 70 нанограмм (0,007 микрограмм) бўлгани хабар қилинган. 

Ушбу хабардан кейинроқ, Американинг ESPN телеканали хабар қилишича, Поветкиннинг 7, 8 ва 11 апрель кунлари ўтказилган аввалги учта допинг пробаси салбий, 27 апрель кунгиси эса ижобий натижани кўрсатгани ҳақида хабар қилган эди. 

Афсонавий мураббий Фредди Роуч ҳам ТАСС агентлигига ўз фикрларини билдирган. Унинг айтишича, Александр ростгўй инсон ва спортчидир. 

"Вазиятга тулича ёндашиш мумкин, қачондир мельдоний мумкин эди, энди тақиқланган, - деган Роуч. - Аммо мен билган Александр ростгўй спортчидир. Биз, умуман, бу жангни кўрамизми-йўқми номаълум, аммо у ўтказилган тақдирда ҳам йирик жанг бўлиши шубҳасиз".

Роуч Паркинсон хасталигига қарамай ҳамон мураббийлик фаолиятини давом эттиради. У ўз вақтида Майк Тайсон ва Оскар де ла Хойя, Мэнни Пакьяо ҳамда Мигель Коттоларни тайёрлаган ва жаҳон боксидаги энг тажрибали мураббийлардан бири ҳисобланади.