Россиялик боксчи Александр Поветкин ва WBC бўйича жаҳон чемпиони, америкалик Деонтей Уайлдер ўртасидаги жанг бошқа санага кўчирилди. Бу ҳақда спортчининг манфаатларини билдирувчи "Мир бокса" компанияси раҳбари Андрей Рябинский твиттерда маълум қилди.   

Аввалроқ россиялик боксчининг Уайлдер билан жанги олдидан олинган допинг намунасида тақиқланган мельдоний моддаси 70 нанограмм (0,07 микрограмм) миқдорда борлиги аниқланганди. Кейинроқ ESPN бундан аввал Поветкиннинг 7, 8 ва 11 апрелдаги намуналари тақиқланган модда борлигига қониқарсиз натижа бергани, қониқарли натижа берган намуна эса 27 апрелда топширилганини маълум қилганди. "Поветкин - Уайлдер жанги кўчирилди. Бўлади, бироқ бошқа санада", деб ёзди Рябинский.

"Биз эртага "Ренессанс Монарх" меҳмонхонасида соат 12 да матбуот-анжуманда барча журналистларни кутиб қоламиз ва у ерда мельдоний ва барчаси ҳақида маълумот берамиз", деб қўшимча қилди Рябинский.

Рябинский ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюсида Поветкин четлатилмаслиги ва унинг америкалик боксчи билан жанги номаълум санага кўчирилганини маълум қилганди.

Рябинский, шунингдек, Поветкин жамоаси унинг допинг намунасида мельдоний аниқлангани ҳолати бўйича тафтиш ўтказишини маълум қилди. 

Жанг учун чиптани қайтармоқчи бўлган томошабинларга пуллари қайтарилади.

Жанг 21 майда Москвадаги "Мегаспорт" аренасида бўлиши керак эди. Рябинскийнинг айтишича, энди бокс кечасининг бош жанги 90,71 кг гача вазн тоифасида WBA бўйича жаҳон чемпиони, россиялик Денис Лебедев ва IBF бўйича жаҳон чемпиони, аргентиналик Виктор Эмилио Рамирес ўртасидаги жанг бўлади.