Twitter микроблоги хизмати яқин ҳафталар ичида ҳозирги 140 белгидан (рамз) иборат чекловни олиб ташлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар тарқатган.

Компания раҳбарияти режасига кўра, хабарларга қўшиладиган фотосуратлар ҳамда ҳаволалар ўрни 140 белгилик чекловдан ташқари ҳисобланади.

Қайд этилишича, ҳозирда фойдаланувчилар твитга қўшиши мумкин бўлган ҳаволалар учун 23 белгидан иборат чеклов мавжуд. Қўшилган сурат учун ҳам 23та белги ўрни ҳисобланади.

Нашрнинг ёзишича, бу ўзгариш фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида амалга ошириладиган катта қадамлардан бири бўлади.

Твитларда 140талик чеклов хизмат очилган кундан (2006 йилнинг марти) буён мавжуд. Тwitter ижрочи директори Жек Дорси ўзгаришлар хизмат аудиториясининг кенгайишини таъминлашига умид билдирган.

Шу йилнинг январида Twitter фойдаланувчиларга ҳозирги 140 белги ўрнига 10 минггача белгидан иборат ҳажмдаги постларни жойлаштириш имкониятини беришни режалаштираётгани айтилган эди.

АҚШнинг етакчи юқори технологияли компаниялари янгиликларини ёритишга ихтисослашган Re/code сайти, Twitter янги хизматни шу йил биринчи чораги охиригача ишга туширишни мўлжаллагани ҳақида айтган, унга кўра твитлар кўринишидан ҳозирги ҳажмини сақлаб қолиши керак бўлган, уни тўлиқ ўқиш учун очиб кенгайтириш мумкин бўлиши кўзда тутилганди. Бироқ, бу лойиҳа жорий этилмади.