Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, Банк бошқаруви раиси Саидаҳмат Раҳимовнинг Корея республикасига ташрифи натижаси ҳақида маълум қилмоқда. 

С. Раҳимов 2016 йил 25-29 апрель кунлари Корея республикаси пойтахти Сеул шаҳрида бўлиб ўтган «Invest in Uzbekistan» бизнес форуми доирасида, Корея давлат органлари, компания ва банк-молия институтлари вакиллари билан бир қатор икки томонлама музокаралар ўтказган. 

Хусусан, Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раиси Корея Эксимбанки президенти Ли Дук Хун билан учрашган. Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Корея Эксимбанки (Корея экспорт-импорт банки) ўртасида стратегик ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама этишган. 

Умуман, форум давомида қуйидаги йўналишлар бўйича алоҳида йиғилишлар ташкил этилган: «Нефтегаз, кимё ва энергетика соҳаси», «Электротехника соҳаси, машинасозлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати», «Енгил саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаси», «Банк-молия сектори ва суғурта хизматлари».

Бизнес форум натижаларига кўра, ўзбек ва корейс компаниялари ўртасида қатор келишувлар имзоланган. Уларга мувофиқ, корейс бизнеси вакиллари ўзбек акционерлик жамиятлари низом жамғармаларида иштирок этишади.