GM-Volt сайтининг хабар қилишича, Норвегия ушбу мамлакатда рўйхатга олинган электрокарлар сони бўйича дунёнинг тўртинчи йирик давлатига айланди. Бу ерда юз мингдан ортиқ электр ёки электр тармоғига уланувчи гибрид машиналар мавжуд. 

Апрель ойидаги статистик маълумотларга кўра, 5,06 миллион норвегиялик ҳиссасига 100 минг 600 дона тўлиқ электр ёки гибридли автомобиль тўғри келади. Айтиш жоизки, электромобилларнинг биринчи партияси мамлакатга 90-йилларда кириб келган, бироқ 2010 йилда ҳам Норвегияда атиги 3366 та шундай машина бор эди. 

Электрокарлар мамлакатга Nissan Leaf ва Mitsubishi i-MiEV каби машиналар етказиб берила бошланган 2011 йилдан оммалашди. Бироз кейинроқ, Норвегия Tesla Model S машинаси расман сотила бошланган илк Европа давлати бўлди.

Бу вақтга келиб, «яшил» автомобиллар эгалари ёқилғи билан юрувчи машиналар эгаларига қараганда қатор имтиёзларга эга бўлди. Хусусан, электромобиль харид қилган шахс, савдо ва рўйхатдан ўтиш солиқларидан озод этилган эди. Бундан ташқари, у қувватлантирувчи станциялардан бепул фойдаланиши, жамоат транспорти учун ажратилган йўлаклардан юриши ва тўхташ жойига пул тўламайди. 

Германия ҳукумати ҳам, 2020 йилгача электромобилларга қизиқишни кучайтириш мақсадида 1 млрд евро сарфлашни режалаштираётгани хақида маълум қилинган эди. Унга кўра, электрокарлар харидорлари давлатнинг 4 минг евролик субсидиясига, гибридларни сотиб олган ҳайдовчилар эса 3 минг евро миқдоридаги ёрдам пулига умид қилишлари мумкин. Бундай кескин чоралар, ҳисоб-китобларга кўра, Германияда йилига 400 минггача электрмашина сотилишини таъминлайди. 

Бугунги кунда, АҚШ электромобиллар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. Бу ерда 450мингга яқин электрокар рўйхатдан ўтган. Хитой 300 мингта электромобиль билан иккинчи ўринда. Япония кўчаларида 150минг дона шундай машиналарни кўриш мумкин.