2016 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги томонидан “2016 йил январь-апрель ойларида аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат ва меҳнат ҳуқуқи муҳофазаси ҳамда бошқа масалалар юзасидан Меҳнат вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар” мавзусида видеоселектор кўринишидаги матбуот анжумани ўтказилди. 

Унда меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Низомов, вазирлик ҳамда тасарруфий ташкилотлар мутасаддилари, вилоят бош бошқармалари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Кириш сўзида Б.Низомов жорий йил 22 февраль куни Президент Ислом Каримов фармони билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги этиб қайта ташкил этилганлиги ҳақида ОАВ вакилларига айтиб ўтди. 

2016 йил январь-апрель ойларида 193 та туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат этган 76,7 минг нафар фуқароларнинг ишга жойлаштирилишига кўмаклашилди. Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари орқали 42,2 минг нафар фуқаролар вақтинчалик бир марталик ишларга жалб қилинди. Ҳисобот даврида иш қидираётган фуқаролар учун мақбул келадиган ишни қидириш муддатини қисқартириш мақсадида 383 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 162,2 мингта иш берувчилар вакиллари ва 78,9 минг нафар иш қидираётган фуқаролар иштирок этишди. Ярмаркалар натижасига кўра 13,0 минг нафар шахслар ишга йўлланма олишди, 37,9 минг нафар фаол иш қидираётганларга меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатлар берилди. 

Меҳнат бозорида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож тоифалари бандлигини таъминлаш учун маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда банд қилинган (квота) иш ўринларига 20,2 минг нафар фуқаро жойлаштирилди. Ишсизларнинг меҳнат бозорида рақобатга бардошлигини кучайтириш ва иш билан таъминлаш мақсадида 2,0 минг нафар ишсиз фуқаро тикувчилик, тўқувчилик, электрик, пайвандчилик, бўёқчилик, сувоқчилик, компьютер техникаси оператори ва бошқа шу каби касблар бўйича ўқитилди. Корхоналар билан ҳамкорликда 1,8 минг нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. 2016 йил 5 май ҳолатига кўра, 72,7 мингдан ортиқ бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисида маълумот топширилди ва ish.mehnat.uz  сайтига жойлаштирилди. 2016 йил январ-апрель ойларида ҳудудлар ва йўналишлар кесимида 259  мингта иш ўрни ташкил этилган.