Саккизта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Мэнни Пакьяо Филиппин Сенати аъзосига сайланди. Бу ҳақда Associated Press хабар қилди. 

37 ёшли спортчи 15,5 миллиондан ортиқ овоз тўплади ва Сенатдан жой олишга муваффақ бўлган 12 кишининг  ичида 7-ўринни эгаллади. 

Пакьяо 12 ёшидан буён бокс билан шуғулланади. Унинг боксчилик фаолияти эса 21 йилдан буён давом этиб келмоқда. Шу вақт давомида у 66та жанг ўтказган, 58тасида ғалабага эришган (38таси нокаут билан), 6 бор мағлубитга учраган ва 2та жангни дуранг билан якунлаган. 

Биринчи марта жаҳон чемпиони мақомини у 18 йил аввал, 50,8 килограммгача бўлган вазндагилар тоифасида қўлга киритган, кейин янада оғирроқ вазн тоифаларида энг кучли унвонига эришган. Фаолияти давомида боксчи 500 миллион доллар даромад қилган. 

Америкалик Флойд Мэйуэзер билан ўтган йилнинг май ойида бўлиб ўтган жанг филиппинлик карьерасининг чўққиси бўлган – ўшанда у 100 миллион доллардан ортиқ фойда кўрган. Ўша жангда у очколар бўйича мағлуб бўлади, кейинроқ эса жароҳатланган елкаси билан жанг қилганини эълон қилган. Шундан кейин жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди, узоқ даволанди ва рингга чиқмади.

Америкалик Тимоти Брэдли билан бўлган 9 апрель кунги жангда очколар бўйича ғолиб бўлгач, Пакьяо май ойида боксчилик фаолиятига якун ясаши мумкинлигини эълон қилди.