Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ғалла ўрим-йиғимига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Туманларда мавсум тайёргарлигига бағишланган кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.   

Жорий йилда 53 минг гектар майдонда деҳқончилик қилаётган қорақалпоғистонлик ғаллакорлар 85 минг 300 тонналик хирмон яратишни режалаштирган. 

Тўрткўл туманида ўтказилган кўргазмали семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ички ишлар вазирликлари, фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари, фермер хўжаликлари, муқобил машина-трактор парклари раҳбарлари, мутахассислар иштирок этди.

Жорий йилда туман фермерлари 3 минг гектар ерда минтақа иқлим шароитига мос “Краснодар”, “Яксарт”, “Гром”, “Грация” каби серҳосил буғдой навларини парваришламоқда. Ғалла ўрим-йиғим ишлари 6 отрядга бириктирилган 15 замонавий комбайн ва 30 дан ортиқ ташув машиналари ёрдамида амалга оширилади. Техникалар бирламчи ўт ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиб, ёнғиннинг олдини олиш бўйича зарур йўриқномалар тарқатилган.

Кегейли туманида ҳам 168 фермер хўжалиги томонидан 4 минг 335 гектар майдонда етиштирилаётган буғдой ҳосилини нобуд қилмай йиғиштириб олиш учун техника ва механизмлар шай ҳолга келтириб қўйилди.

Бундай кўргазмали семинарлар бошқа туманларда ҳам ўтказилмоқда.