Samsung корпорацияси деярли бир йил аввал Retail Asia Expo 2015 кўргазмасида биринчи кўзгусимон ва шаффоф OLED дисплейларини намойиш этган эди. Энди Жанубий Корея корпорацияси ушбу кўзгусимон OLED дисплейлари биринчи марта ҳаётга татбиқ этилганини маълум қилди. Ғаройиб “кўзгу” Сеулдаги Leekaja Hairbis гўзаллик студиясида қўллана бошлади. 

55 дюймли янги дастёр ёрдамида гўзаллик салони мижозлари соч кесиш ва соч турмакларини ўзларида виртуал мослаб кўришлари, сочларни бўяш учун ранг танлашлари мумкин, қолаверса, уста ўз ишини бажараётган пайтда мода саноатининг сўнгги янгиликларидан бохабар бўла оладилар. 

Samsung уларнинг маҳсулоти нафақат сартарошхоналар, балки бошқа муассасалар: дўкон, бутик, мебель савдоси ҳамда интерьер дизайнерлари офисларида ҳам оммалашиб кетишига умид билдирди.

Кўзгу-дисплейларининг эркин савдоси ушбу йилнинг учинчи кварталига мўлжалланган. Унинг нархи эса ҳали аниқ белгиланмади.