Норвегиянинг Opera Software компанияси 90 фоиз акционерлари, дастурлар ишлаб чиқиш бизнесини Хитой корпорациялари консорциумига сотиш таклифини маъқуллаган. Opera браузери ишлаб чиқувчиси 1,3 млрд долларга баҳоланмоқда, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

Opera Software’нинг иккинчи йирик акционери Ludvig Lorentzen ва унга яқин тузилмалар, ўзларига тегишли 11 млн акциянинг (7,5 фоиз) ҳар бирини 71 Норвегия кронаси (8,51 доллар)дан сотишга розилик билдирган. Аввалроқ, компаниянинг энг йирик акционери Folketrygdfondet ҳам акцияларини сотишга рози бўлган эди. 

Opera Software директорлар кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинган таклифни, эндиликда Америка ва Хитой ҳукуматлари тасдиқлаши керак. 

Qihoo 360 Technology, Kunlun Tech ва Yonglian Investment компаниялардан ташкил топган Хитой консорциуми 2016 йил февралида Opera’ни 1,26 млрд доллар эвазига харид қилиш режасини маълум қилган эди. Таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу сумма Opera акцияларининг бозор қийматидан 46 фоизга кўп демакдир.