Интернетда асирликдан озод бўлиб Украинага қайтган Надежда Савченко Киевдаги Борисполь аэропортида журналистлар қаршисида ирод этган нутқи видеоси пайдо бўлди.

У ўз нутқида ўзининг озод экани ҳақида гапирган.

Украина президенти Петро Порошенконинг матбуот котиби Святослав Цеголконинг айтишича, Савченко аэропортдан чиқиб, президент билан унинг қароргоҳида учрашиш учун йўл олган.

2 йил олдин Донбассда россиялик журналистларни ўлдиргани учун қўлга олинган ва 2016 йилнинг мартида 22 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган Савченко бугун Россия президенти томонидан афв қилинди.

Ўз навбатида Россия Федерацияси Бош разведка бошқармасининг 2015 йилнинг майида Донбассда украин ҳарбийлари томонидан асирга олинган жангчилари сержант Александр Александров ва капитан Евгений Ерофеев Порошенко томонидан афв этилган.

Натижада Украина ва Россия ўртасида асирлар алмашуви юз берди.

Айни вақтда россиялик ҳарбийлар ҳам Москвага қайтган.

Бу асирларни алмашиш бўйича келишувга 24 май куни "норманд тўртлиги" вакиллари ўртасидаги телефон мулоқоти чоғида эришилган.